Депутатлар Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига чекловлар жорий қилишни таклиф этишмоқда

Депутатлар Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига чекловлар жорий қилишни таклиф этишмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таклиф этилаётган лойиҳанинг асосий мақсади рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш (рекламанинг айланиши) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шу боис, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида муҳим тузатишлар киритилди. Хусусан, 7 боб, 51 моддадан иборат қонун лойиҳаси, ҳозирга келиб 8 та боб, 54 моддага келтирилди.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси мукаммал тайёрлангани ва у реклама берувчининг барча саволларига тўлиқ жавоб беришини айтиб, уни қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда «Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Лойиҳа 4 та қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутади. Мазкур ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларига аниқлик киритиш билан боғлиқ.

Йиғилишда «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади нобанк кредит ташкилотларини ташкил этиш, уларнинг фаолият кўрсатиши ва фаолиятини тугатишини ҳамда микромолиялаш фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунга қадар нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги ягона ҳуқуқий ҳужжат бўлмаган. Лойиҳа билан микромолия ташкилотларига, ломбардларга ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларига; микроқарз ва микрокредит бериш бўйича микромолиялаш фаолиятини амалга ошириш қисмида – банкларга, нобанк кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қисмида – товар истеъмол кредитларини берувчи ёки лизинг хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ жисмоний шахсларни кредитлашни амалга оширишга рухсат этилган бошқа юридик шахсларга татбиқ этилади.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари томонидан лойиҳанинг айрим бандларига тузатишлар киритиш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Халқ вакиллари Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқди.

Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам онлайн қимор, айниқса, ёшлар орасида спортга пул тикиш (беттинг) оммалашиб бормоқда. Бунинг оқибатида оилавий низолар, турли хил кўнгилсиз ҳодисалар юзага келмоқда.

Таҳлиллар давомида букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, хусусан, фаолият юритиш талаблари, рухсат бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар ижтимоий муносабатларнинг қонун билан тартибга солинмагани аниқланди.

Бир қатор хорижий давлатларда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш қонун билан тартибга солинади. Хусусан, Буюк Британия қонунчилигида (Gambling Act, 2005) вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинларидан ҳимоя қилиш масалалари, хусусан, вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинларига жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳамда унга кўра Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунларига букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, хусусан, фаолият юритиш талаблари, рухсат бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар назарда тутувчи нормаларни киритиш таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, ушбу ташаббусни амалга ошириш орқали букмекерлик соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга эришилади. Агар розилик берилган тақдирда, Институт ҳамда масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли қонун лойиҳаси тайёрланади.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.