Депутатлар Тошкент чегараларини кенгайтиришни тасдиқладилар

Депутатлар Тошкент чегараларини кенгайтиришни тасдиқладилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тасдиқладилар.

Депутат, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаевнинг аниқлик киритишича, Тошкент вилоятидан жами 7853,3 гектар ер майдони (шундан 3250,1 гектари қишлоқ хўжалик ерлари) Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда. Жумладан:

  • Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар ер майдони (Чорбоғ, Белариқ, Файзли, Жалойир, Номданак, Қумариқ, Хонободтепа, Тараққиёт, Қорасув, Хонобод, Қушбеги, Соҳибкор, Истиқлол, Нурафшон МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490,0 гектар ер майдони (Гулбоғ, Йик ота МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар ер майдони (Бектемир, Нурафшон, Намуна, Янги ҳаёт, А.Навоий МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар ер майдони (Геофизика, Алишеробод, Чингелди, Дўстлик, Тараққиёт, Баркамол, Боғишамол, Ватанпарвар, Амр Темур, Мевазор, Гулбоғ, Гулзор-1, Пастки юз МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар ер майдони (Жарбоши, Ташисти, Ибрат, Миришкор, Арғин, Баҳор, Чинор, Товкентепа МФЙлар) Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига;
  • Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига;
  • Тошкент вилоятининг Бектемир тумани туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилмоқда.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, 1 июль ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2737,2 минг кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ёки 101,6 фоизга ўсган. Аҳолининг зичлиги эса 1 км кв. майдонга 7564 кишини ташкил этмоқда.

«Пойтахт аҳолиси сонининг йил сайин юқори суръатларда ўсиб бориши шаҳарда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтиришни тақозо этяпти», — дейилади хабарда.

Депутатларнинг фикрича, Тошкент вилояти ҳудудидан Тошкент шаҳрига ер майдонларининг ўтказилиши келгусида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга хизмат қилади.