Дилмурод Набиев: «Ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларига ўртача 15 мингга яқин меҳмон келади»

Дилмурод Набиев: «Ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларига ўртача 15 мингга яқин меҳмон келади»

Халқаро пресс-клубнинг бугунги сессиясида иштирок этган Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев 2025 йили Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган ИВ ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик ишларининг бориши масаласига ҳам тўхталиб ўтдилар.

- Мурожаатномада Президентимиз Тошкент шаҳри 2025 йилги ИВ ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганлигини фахр билан таъкидлаб ўтдилар. Бу масалани юртбошимиз 2019 йилдаёқ олдимизга вазифа сифатида белгилаб берганди ва 2020 йилга келиб мақсадимизга эришдик. Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, мусобақа мезбонлиги учун Тошкентдан ташқари қитъамизнинг яна тўртта йирик шаҳарлари кураш олиб боришди. Осиё Олимпия Кенгашидан махсус комиссия келиб Тошкент халқаро аеропортининг ўтказувчанлик қобилияти, меҳмонхоналар, спорт иншоотларининг жойлашуви, мусобақаларнинг телетранслясия масалалари каби барча жиҳатларни ўрганишди ва якунда бизнинг фойдамизга қарор қабул қилди. Бу албатта улкан шараф, шу билан бирга зиммамизга жуда катта масъулият юклайди. Чунки шу пайтга қадар ўтказилган ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларида ўртача 5 минг нафарга яқин спортчи иштирок этган. Уларнинг ёнига тренер, шифокор, расмий делегасия вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларини қўшиб ҳисобласак Тошкентга ўртача 15 мингга яқин меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Албатта, бунинг учун етарлича шароит яратилиши лозим. Шу мақсадда Президентимизнинг топшириқларига асосан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барча шароитларга эга, халқаро талабларга жавоб берадиган Олимпия шаҳарчаси барпо этилади. Бу борада Қурилиш вазирлиги билан амалий ишлар бошлаб юборилган ва бу ерда барча инфратузилма муҳайё қилиниб, Олимпия шаҳарчаси 2025 йилгача фойдаланишга топширилиши керак.
Бу мусобақани ўтказиш учун ООК(Осиё Олимпия кенгаши)нинг ўзига яраша талаблари ҳам бор. Жумладан, кейинги йилдан мусобақанинг тарғибот ишларини бошлаш, унинг эмблемаси ва рамзини яратиш каби вазифалар бор. Ўз навбатида ООКнинг махсус ишчи гуруҳи келиб тайёргарлик ишларининг қандай бораётганлигини ўрганади. Ҳар йили Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан бир йилда қилинган ишлар, келгуси йилги режалар бўйича тақдимотлар қилиб боради.

Ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қиладиган давлатнинг ютуғи – улар мусобақа дастурига киритиладиган спорт турларини белгилаб беришади. Аммо, мусобақа дастуридан Олимпия ўйинларига киритилган камида 8та спорт тури ўрин олиши керак. Биз мезбонлик қилгач, табиийки юртимизда анчагина ривожланган спорт турлари, жумладан эркин ва юнон-рум кураши, бокс, дзюдо, жамоавий ўйин турларидан футбол, қолаверса сузиш каби турлар ва албатта ўзимизнинг миллий спорт турларини киритишга ҳаракат қиламиз. Ўз навбатида ёшларимизни бугундан ушбу мусобақага пухта тайёрлаб бориш, бунинг учун селексия ишларини кучайтириш, терма жамоаларга барча шароитларни яратиб бериш чораларини кўрамиз.