Дилором Тошмухамедова доимий асосда ишловчи сенатор бўлади

Дилором Тошмухамедова доимий асосда ишловчи сенатор бўлади

2018 йил 11 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори сифатида ишлаб келган Дилором Ташмухамедова Вазирлар Маҳкамасининг 14 февралдаги қарорига мувофиқ, бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати хабар берди.

Дилором Ташмухамедова бундан буён доимий асосда ишловчи сенатор сифатида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттириши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз Дилором Ташмухамедова 2001-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, 2005-2008 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Биринчи котиби сифатида фаолият юритган. 2008-2014 йилларда Қонунчилик палатаси Спикери сифатида фаолият олиб борган.

Бундан ташқари Дилором Тошмухамедова Ўзбекистон Республикаси Президентлиги номзоди кўрсатилган ягона аёл номзод ҳисобланади.

Дилором Тошмухамедова 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган ва Тошкент шаҳар кенгаши депутати этиб сайланади. 2020 йил 17 январь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатларининг қўшма мажлисида  сенатор этиб тайинланган эди.