Диний қўмита «Имом Термизий» масжидидаги ҳолат юзасидан расмий баёнот берди

Диний қўмита «Имом Термизий» масжидидаги ҳолат юзасидан расмий баёнот берди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» масжиди имом-хатиби Иcҳоқжон домла Бегматов билан боғлиқ турли гап-сўзлар тарқалди.

Тармоқда тарқалган видеода баён қилинишича, имом масжиддаги намозхонлардан бирини барчанинг олдида "бемазҳаб ваҳобийларнинг битта намоёндаси" деб танбеҳ беради. 

Шунингдек, имом: “Азизлар, бекорга масжиднинг ҳар бурчагига кузатув камераси қўйилмаган. Ким қандай намоз ўқияпти, нима гап гапиряпти, қандай кириб чиқяпти - ҳаммаси кузатув остида”, - дейди.

Жамоатнинг намози бардавом бўлиши учун яхшиликка чақираётганини айтган имом "Агар бордию, юртимизда анъанавий бўлган Ҳанафий мазҳаби бўйича, Мотуридий эътиқоди бўйича ибодат қилишга рози бўлмаса, ўзининг норозилигини норозилик оҳангида билдирадиган бўлса, имомлар ўрнига бошқалар чора кўришига мажбур бўламиз, дейишяпти" деган. 

Интернет фойдаланувчилари томонидан имом-домланинг айтган гапларини турлича талқин қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати ушбу масала бўйича расмий муносабат билдирди.

Қўмитанинг фикрича, биринчидан, бугунги кунда масжидларда ибодат масаласида турли тушунмовчилик келтириб чиқараётганлар учрамоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали одамларни мазҳабсизликка чақираётганлар ҳам кузатилмоқда.

Аслида, Исҳоқжон домла, аҳли илмлар ва юртимиздаги бошқа имом-хатиблар диёримизда азалдан мерос бўлиб келаётган, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бир нечта суннатларнинг йўқ бўлиб кетишига қарши курашмоқдалар. Намоздан кейинги зикр ва дуолар, Қуръони карим тиловатини эшитиш, намозхонлар олдини кесиб ўтмаслик ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Афсуски, бугун ушбуларни бажариш ўрнига эшикка қараб ошиқаётганлар ҳам йўқ эмас.

Имом-домланинг мақсади ҳам – бир масжидда, бир сафда туриб намоз ўқиётганлар орқасида тафриқа келиб чиқмаслигини олдини олиш бўлиб, жамоатни бизнинг диёримизда мавжуд бўлган ананавий ҳанафий мазҳабига эргашишга чақирмоқда ва аҳолини бирликка чорламоқда, бу таҳсинга лойиқ.

Иккинчидан, имом-домланинг гўёки масжидларда ўрнатилган кузатув камералари намозхонларни назорат қилиб тургани ҳақидаги гаплари эса мутлақо асоссиз ҳисобланади.

Маълумки, бутун дунё миқёсида кузатув камералари одамлар ва муайян объектларнинг хавсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилади. Мисол учун, Макка ва Мадина шаҳарларидаги “Масжидул ҳарам” ва “Масжидун Набавий”да ҳам кузатув камералари зиёратчилар ва муқаддас жойларнинг хавсизлигини таъминлаш мақсадида 24 соат давомида ишлаб туради.