ДТМ Миллий сертификат имтиҳонлари саволлари сотувга чиқиб кетганига изоҳ берди

ДТМ Миллий сертификат имтиҳонлари саволлари сотувга чиқиб кетганига изоҳ берди

Давлат тест маркази Миллий сертификат имтиҳонлари саволлари сотувга чиқиб кетгани тўғрисидаги хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда 12 июнь куни марказ ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида” 646-сон қарорида босқичма-босқич умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этилиши белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанларидан миллий тест тизими жорий этилди.

Мазкур қарорга мувофиқ тест саволлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқилди ва тест синовлари Давлат тест маркази томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиб, ўтказилди.

Ҳозирга қадар кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанларидан 2 маротаба миллий сертификат учун тест синовлари ташкил этилди. Тест синовлари жараёни тўлиқ видеокузатув камералари остида ўтказилди.

Тест материаллари Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари томонидан тест синови ўтказиладиган биноларга махсус транспорт воситалари орқали махфийлик таъминланган ҳолда тест синови бошланишидан бир соат олдин етказилди. Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари муҳрланган махсус қоплардаги тест материалларини Давлат тест маркази ходимларидан қабул қилиб олди ва барча материаллар тўлиқ ҳолда Давлат тест марказига қайта етказилиши таъминланди.

Ижтимоий тармоқларда ёзилган мақолаларда келтирилган кимё фанидан тест топшириқлари 11 май куни ўтказилган жараёнга тегишли бўлиб, 9 июнь куни ўтказилган имтиҳонда мазкур тест топшириқларидан фойдаланилмаган. Биология фани бўйича келтирилган тест топшириқлари ҳақиқатан ҳам 10 июнь куни ўтказилган тест синовларига оид. Бироқ у тест синови ўтказиб бўлинганидан кейин тест синовига кирган шахслар томонидан ёдлаб чиқилган саволлар асосида жуда кўплаб хатолар билан комьпютерда терилганлиги, расмли тест топшириқларида расмларнинг келтирилмаганлиги аниқланди.

Олинган охирги маълумотларга кўра, айрим ўқув марказлари томонидан “бу саволлар тушади” баҳонасида тайёрланган саволлар жамланмаси шахсларга сотилганлиги маълум бўлди.

Бугунги кунда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Давлат тест маркази ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилмоқда.