Дубай шаҳзодаси лочинлари билан тувалоқ овлади

Дубай шаҳзодаси лочинлари билан тувалоқ овлади

Ижтимоий тармоқларда Дубай шаҳзодаси шайх Хамдан бин Муҳаммад Аль Мақтумнинг Навоийда ов қилиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Давлат экология қўмитаси ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, БАА шайх ва шаҳзодалари ҳар йили спорт ва хаваскор ов қилиш мақсадида ўзлари билан шахсий овга ўргатилган лочинларини олиб келиб, қайтариб олиб кетишади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида йўрға тувалоқларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш бўйича БАА томонидан молиялаштириладиган марказ бор. У ерда Қизил китобига киритилган йўрға тувалоқ қушларининг 2019 йилда 4132 донаси ҳамда 2020 йил 13 августга қадар 4069 донаси табиатга қўйиб юборилган.

Бундан ташқари, БААдан 2020 йил 10 августда олиб келинган Қизил китобга киритилган 64 та лочин, 12 та итолғилар табиатга қўйиб юборилган.

Таъкидланишича, ҳар йили Фанлар академиясининг хулосаси ва Ҳукуматнинг келишуви асосида Давлат экология қўмитаси табиатдан ёввойи ҳайвонларни ажратиб олиш учун квота тасдиқлайди. 2020 йилда йўрға тувалоқларни илмий мақсадда табиатдан ажратиб олиш учун жами 357 дона квота ажратилди. Бу сон табиатга БАА томонидан қўйиб юборилаётган соннинг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди.