Дунёда янги пандемия бошланиши мумкин - хитойлик олимлар

Дунёда янги пандемия бошланиши мумкин - хитойлик олимлар

Хитойнинг бир нечта илмий муассасалари билан ҳамкорлик қиладиган олимлар Вэйфэн Ши ҳамда Жорж Гао H5N8 парранда гриппининг таркиби ва тарихи яна бир пандемиянинг бошланишига олиб келиши мумкинлигини тахмин қилди. Улар бу ҳақда Medical Xpress нашрида мақола эълон қилган.

Қайд этилишича, грипп вирусининг янги штамми 2010 йилда Хитойда ўрдак организмида аниқланган. 2014 йилда штаммнинг тарқалиши Япония ҳамда Жанубий Кореяда ёввойи паррандаларда кузатилди, 2016 йилдан кейин эса Ҳиндистон, Россия, Монголия, АҚШ ва Европанинг айрим мамлакатларида учради.

«2020 йилда касалликка чалиниш ҳолатлари дунёнинг 46 та мамлакатида қайд этилди. Ши ва Гао ушбу тарих вируснинг жуда тез тарқалиши мумкинлигидан дарак бераётганини таъкидлаган. Шунингдек, Россия қишлоқ хўжалиги ходимларида 2021 йилда мазкур вируснинг қайд этилгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Хитойлик олимлар берган маълумотлар бўйича касалликка чалинган ишчиларда вируснинг аломатлари кузатилмаган ва унинг бир одамдан бошқасига қандай юққанини аниқлашнинг имкони бўлмаган.

Бироқ олимлар касаллик юққанидан кейин у жойлашган жонзот организмига тезда мослашиб кетиш хусусиятларига эга эканини қайд этган.

Тадқиқотчилар ‘H5N8’нинг юқори патогеник хусусиятларга эга экани, аммо фермалар, бозорлар ва ёввойи қушларни хушёр тарзда назорат қилиш вируснинг тарқалишини секинлатиши мумкинлигини айтиб ўтган.

ЖССТ аввал одамларга парранда гриппининг А(H5N1), А(H7N9) ва А(H9Н2) турлари, шунингдек, чўчқа гриппининг А(H1N1), А(H1Н2) ва (H3Н2) штаммлари юққанини маълум қилган.