Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйи очилди

Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйи очилди

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётир.

Икки мамлакат Президентларининг яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани ва аниқ мазмун билан бойигани қайд этилди.

Айниқса, ўзаро савдо ҳажми барқарор ортиб бормоқда. Машинасозлик, энергетика, электротехника, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилаяпти. Ҳудудлар даражасида ва ишбилармонлар ўртасида шериклик алоқалари ҳам кенгайиб бораётир.

Бунда икки мамлакат Президентларининг ўзаро дўстона муносабатлари ҳамда имзоланган битимлар ва эришилган келишувлари муҳим роль ўйнамоқда.

Ўзбекистоннинг Тожикистон пойтахти Дешанбе шаҳрида  очилган Савдо уйи ана шу ҳамкорлик натижасидир.

Савдо уйи икки мамлакат тадбиркорларининг товар ва маҳсулотларини харидорларга етказиш бўйича беминнат кўмакчи вазифасини ўтайди.

Савдо уйининг  очилиш маросимида   Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги элчиси Эргаш Шоисматов ва “Ориэн Инвест” инвестиция компанияси бош директори Саидисматилло Валиев иштирок этиб, бундан буён икки мамлакат тадбиркорларининг ҳамкорлиги янада ривожланишини таъкидлади. Чунки Савдо уйини ташкил этишдан мақсад тадбиркорлар учун қулайликлар яратишдир. Яъни тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари Савдо уйи орқали товарлар ва хизматларини реклама қилиш имконига эга бўлади. Савдо уйида кўргазмалар зали ташкил этилган бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарувчилар ўзларига янги харидорлар топишда амалий ёрдам кўрсатилади.

Савдо уйининг очилиш маросимидан кейин кўргазмалар залида маҳаллий тадбиркорлар учун ўзбек ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди.