ДХА аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик борлигини эслатди

ДХА аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик борлигини эслатди

Ижтимоий тармоқларда ҳисоблагичларни қиёслаш масаласида ваколатли ташкилотларнинг айрим нопок ходимлари томонидан фуқаролардан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган тўловларни ундириш билан боғлиқ ҳолатларга дуч келинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Давлат хизматлари агентлиги маълумотига кўра, авваллари ҳисоблагични ечиш учун таъминотчи ташкилотга (“РЭС”, “Райгаз” “Сувсоз”) ариза топшириш керак эди. Сўнг, қиёслашдан ўтказиш учун қурилмани “Ўзстандарт” агентлигига олиб бориши керак бўлган.

“У ерда аризачидан турли миқдордаги маблағ йиғиб олинар эди. Бундан ташқари, қиёслаш нархини белгилашда шаффофлик ва ошкоралик мавжуд эмасди. Қиёслаш ўтказилгандан сўнг аризачи мустақил равишда қурилмани олиб, кейин масъул ташкилотга ҳисоблагич ўрнатиш учун ариза топширар эди.

Сир эмас, кўпчилик ортиқча оворагарчиликни олдини олиш учун масъул ходимлар билан муайян маблағ эвазига “келишар” эди. Юқорида кўрсатилган барча тадбирларни эса ташкилот ходими ўзи амалга оширган.

Эндиликда эса, 2019 йил 1 ноябридан бошлаб, коммунал хизматлари “счетчикларини” қиёслаш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки электрон тарзда my.gov.uz портали орқали қабул қилинмоқда”, - дейилади ДХА хабарида.

Қайд этилишича, бундан кўзда тутилган асосий мақсад — аввалги тартибда мавжуд бўлган коррупцион ҳолатларга чек қўйиш, мазкур хизматларни кўрсатиш учун аниқ муддатлар ва тартибни белгилаш. Бу билан фуқароларга қулайлик яратиш.

Давлат хизматлари агентлиги “Сувўлчагич хизмати” УК ходими билан боғлиқ ҳолат агентлик масъул ходимлари томонидан ўрганилгани ва унда кўрсатилган қонун бузилишига йўл қўйган айбдор ходимга тегишли чора кўрилиши таъминланишини маълум қилди.

Эслатилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-5-моддасига асосан:

  • давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг арз қилувчидан мурожаатни қабул қилишни рад этганликда;
  • давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузганликда;
  • арз қилувчидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олганликда;
  • давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабини (топшириғини) бажармаганликда ифодаланган тарзда бузилиши Давлат хизматлари агентлиги органлари томонидан мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.