ДХХ 14 кг.дан ортиқ гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

ДХХ 14 кг.дан ортиқ гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти Бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Тожикистон Республикаси ҳудудидан умумий қиймати 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги гиёҳванд моддаларнинг мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб ўтилганлиги аниқланиб, вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Бекобод туманидан Бўка тумани томон ҳаракатланаётган автомашина тўхтатилди.

Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Тожикистон Республикаси фуқароси, Сўғд вилояти Матчоҳ туманида яшовчи Муллочон Хомидчоновнинг ёнида 1 кг. 879 гр. “амфетамин” синтетик гиёҳвандлик воситаси, 1 кг. 822 гр. “опий” ҳамда 3 кг 972 гр. “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилди.

ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наманган туманида яшовчи, муқаддам судланган Нодирбек Нишонов 1 кг. “гашиш” гиёҳванд моддасини 14 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.

Аниқланишича, ушбу наркотик моддалар Қирғизистон Республикаси фуқароси, муқаддам судланган Ёқуб Юсупжонов томонидан мамлакатимизга Тожикистон Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келиниб, келгусида сотиш мақсадида Наманган туманида яшовчи, муқаддам судланган Дилшод Бойхоновнинг яшаш хонадонига яшириб қўйилган.

Бойхоновнинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув тергов ҳаракатлари жараёнида 802 гр. “опий” ва 2 кг 917 гр. “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

ДХХ ҳамда Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса “Самарқанд - Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Матиз” русумли автомашина “Эркин” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган фуқаро, муқаддам судланган Фахриддин Жумаевнинг ёнида 190 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси, Ички ишлар идоралари ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Учкўприк тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилди.

Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган Сухроб Жўраевга тегишли целлофан пакет ичида 997 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.

Фарғона вилоятида қайд этилган яна бир ҳолатда, Фарғона туманида яшовчи Рустам Тўраев Қирғизистон Республикасининг Қадамжой райони билан чегарадош ҳудудда қирғизистонлик “Қобил” исмли шахсдан 500 гр. “гашиш” моддасини 3300 АҚШ долларига сотиб олади.

Сўнгра гиёҳвандлик воситасини Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи шериги Тоҳир Абдурасуловнинг яшаш хонадонига яшириб, ундан 200 гр. қисмини 1400 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланди.

Шунингдек, Абдурасуловнинг уйидан ажал оғусининг қолган қисми ҳам ўрнатилган тартибда олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 1 кг 879 гр. “амфетамин”, 2 кг 814 гр. “опий” ва 9 кг 386 гр. “гашиш” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.