Дзюдо жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди

Дзюдо жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлигида давом этаётган ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этмоқда.

Улуғбек Азизов ва Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги дзюдочиларимиз яккалик баҳслари якунига кўра 4 та олтин, 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Диёра Келдиёрова (-52 кг), Дилшоджон Баратов (-60 кг), Давлат Бобонов (-90 кг) ва Музаффарбек Тўрабоев (-100 кг) жаҳон чемпионига айланган бўлса, Шоҳруҳ Бахтиёров (+100 кг) бронза медалига сазовор бўлди.

Иккинчи ўринни бразилиялик дзюдочилар 3 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза медали билан банд этган бўлса, кучли учликка мезбонлар – Франция терма жамоаси 3 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медали билан якун ясади. Австрия 2 та олтин, Россия ва Словакия терма жамоалари 1 тадан олтин медални қўлга киритишди.

Энди вакилларимиз жамоавий йўналишда ҳам олтин медаллар учун баҳс олиб боришади. Бўлажак беллашувларда дзюдочиларимизга омад тилаб қоламиз.