Эбола вирусини аниқлаган олим янги хавфли касалликдан огоҳлантирди.

Эбола вирусини аниқлаган олим янги хавфли касалликдан огоҳлантирди.

1976-йилда Эбола вирусини биринчи бўлиб аниқлаган конголик олим, микробиолог Жан-Жак Муембе-Тамфум Конго Демократик Республикасида янги хавфли касаллик пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Таъкидланишича, маҳаллий аёллардан бирида тиббиётга маълум бўлмаган янги касаллик белгилари аниқланган.
CNN телеканалининг хабар беришича, мамлакат ғарбида жойлашган Ингенде шаҳридаги бир аёлда геморрагик иситма белгилари қайд қилинган. Аёлдан таҳлил олиниб, Киншасадаги биотиббий тадқиқотлар миллий институтига жўнатилганда, унда Эбола вируси ёки тиббиётга маълум бўлган бирорта касаллик белгилари аниқланмаган.
Олимнинг фикрича, аёл аввал қайд қилинмаган янги касалликка чалинган илк бемор бўлиши мумкин. Мутахассис бу касалликни шартли равишда “Х касаллик” деб атаган. Унинг баҳолашича, янги касаллик коронавирус каби юқумли бўлиши, ундан ўлим даражаси эса Эбола вирусидагидан 50-90 фоизни ташкил қилиши мумкин. Эбола вирусидан ўртача 50 фоиз касаллар вафот этган.
Ҳозирда бемор аёл изолясия қилинган, унга яқинлари билан фақат пластик ойна орқали мулоқот қилишга рухсат берилган. Аёлнинг шахси унинг яқинларига маҳаллий аҳоли томонидан зарар етказилиши мумкинлиги сабабли сир сақланмоқда.
“Х касаллик” тахмин бўлиб қолаётган бўлса-да, ЖССТда янги эпидемия юз бериши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушишган.
Муембе-Тамфум аввалроқ ҳам келажакда инсоният ҳайвонлардан инсонларга ўтувчи янги юқумли касалликларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Олимнинг таъкидлашича, ушбу касаллик коронавирусдан хавфлироқ пандемияларга олиб келиши мумкин.