Россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилган айиқ бўйича Экология қўмитаси муносабат билдирди

Россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилган айиқ бўйича Экология қўмитаси муносабат билдирди

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлар юзасидан расмий муносабати.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги ЎРҚ-627-сонли Қонунининг мақсади ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шу қонуннинг 15-моддасида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ҳар йилги квота ёввойи ҳайвонларнинг кўп миқдорда тутиладиган турларига, шунингдек, камёб ва оз сонли турларига нисбатан белгиланиши кўрсатилган. 
Қонун талабига асосан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир талабномалар жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси эса ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини талабномалар асосида тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига юборади.

Фанлар академиясининг ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳаси бўйича хулосаси асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни тасдиқлайди, квотани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига юборади.

Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталарга мувофиқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари квоталарни берилган талабномаларга мувофиқ тақсимлайди ҳамда ҳайвонот дунёсидан фойдаланишга доир рухсатномаларни беради.

Худди шу қонуннинг 16-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ов қилиш ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши кўрсатиб қўйилган. Тўловлар ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномада кўрсатилган ҳар бир ёввойи ҳайвон учун киритилади. Ёввойи ҳайвонларни тутиш учун тўловлар миқдорлари ушбу қонуннинг 1-иловасига мувофиқ белгилаб қўйилган.

Тян-шан қўнғир айиғини овлашга ҳам айни шу тартибда, яъни қонуний талабларга тўлиқ амалга қилган ҳолда рухсат берилган. 2020 йилнинг 25 ноябрида Фанлар академиясига қонун талабларига асосан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини кўриб чиқиб, хулоса бериш учун сўров юборилган. 2020 йилнинг 4 декабр санасида Фанлар академиясининг Биоресурслар бўйича Идоралараро комиссияси 2021 йил учун ноёб ва Қизил китобга киритилган ҳайвонларга ажратилган квоталар тўғрисидаги хулосасини қўмитага тақдим этган. Унда 2 дона  Тян-шан қўнғир айиғини тутиш ҳам кўрсатилган.

Шундан сўнг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг “Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир 2021 йилги квотани тасдиқлаш тўғрисида”ги 352-сонли буйруғи қабул қилинади. Мазкур буйруқда квотага киритилган ёввойи ҳайвонларни тутиш, яъни табиатдан ажратиб олиш тартиб-қоидалари аниқ кўрсатилган. Бундан ташқари, 2020 йилнинг 28 декабрида бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёзма равишда расмий ахборот берилган. Ҳукуматнинг айни масала бўйича 2021 йил 8 январда имзоланган топшириғида Қизил китобга киритилган ҳайвонларни табиатдан олишга қонун талабларида белгиланган тартибда рухсатнома беришни таъминлаш топширилган.

Кўриб турганингиздек, барча қонуний талаблар бажарилгандан кейингина 2 дона Тян-шан қўнғир айиғини отиш орқали тутишга рухсатнома берилган. Бунда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги ЎРҚ-627-сонли Қонунининг 1-иловасида тасдиқланган миқдордаги тўловларнинг давлат бюджетига ундирилиши таъминланган.

Наргис Қосимова эса мана шу тартибдаги қонуний асосларни чуқур ўрганмасдан, айни жараён билан боғлиқ маълумотларни тегишли ташкилотлар мутахассисларидан аниқламасдан жамоатчиликка ноўрин хабар тарқатган. Бу эса “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси 8-банди талабларига зиддир. “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-модасида эса “Оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар” деб кўрсатиб қўйилган.

Шунингдек, муаллиф ўз чиқишида бу мавзуга умуман алоқаси йўқ шахсий қарашларини бирон исботи бўлмаган ҳолда қонунга хилоф равишда баён этган. Доно халқимиз ибораси билан айтганда, ўйламасдан сўйлаган, аҳоли орасида нотўғри тушунча шаклланишига сабабчи бўлган. Ўйлаймизки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу ҳолатга ўз ваколатлари доирасида қонуний баҳо беришади.

Қўшимча маълумот тариқасида таъкидлаш жоизки, сўнгги йиллар давомида республикамизнинг айрим тоғли ҳудудларида биолог мутахассислар томонидан олиб борилган ҳисоб натижаларига кўра 500 га яқин қўнғир айиқ аниқланган. Демак, муаллиф бу борада кўрсатган сон ҳам ҳақиқатга мос келмайди. Хорижий фуқаролар томонидан ов қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган “Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низом” билан тартибга солинишидан умуман хабари бўлмаса керак. Акс ҳолда бундай нохолис маълумотларни ўз сайтига жойлаштирмаган бўларди.

Шу ўринда ҳурматли журналист ва блогерлардан ўзлари тайёрлаётган материалларни асосий манбадан текшириб кўришларини тавсия қилардик. Халқимизга, айниқса, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказадиган ёшларга сохта маълумотларни тарқатишни эса ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Бўстонлиқда Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган Тяншан қўнғир айиғи отиб ўлдирилди. Маълум бўлишича, овга шахсан Экология қўмитаси раҳбари рухсат берганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди.


       Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати