Элдор Шомуродов "Ювентус"га ўтиши ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди

Элдор Шомуродов

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда ўқув-йиғин машғулотларини бошлади. Ушбу йиғинга бош мураббий аксарият легионерларимизни чақириб, асосий таркибни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.

Италиянинг "Женоа" клуби шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродов ҳам юртимизга етиб келди. Шу фурсатдан фойдаланиб, ЎФА матбуот хизмати ҳужумчимиз билан интервью уюштирди. Қуйида ушбу суҳбатнинг бир қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

-Барчамизга маълумки, сизга "Ювентус"дан кичик қизиқиш пайдо бўлган. Айтингчи, ҳозирги ҳолатингизда топ клубга ўтиш вақти келдими?

"Ҳаёт жуда тез ўтади. Менимча, имкон бўлиши билан ундан фойдаланиш лозим. Мен рақобатдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Кучли жамоага ўтгандан кейин захира ўриндиғига ўтириб қолишдан қўрқиш нотғўри деб ҳисоблайман. Нафақат "Ювентус", балки исталган топ клубдан таклиф тушса, қабул қилишга тайёрман.

-"Ростов"да ўйнаб юрган пайтларингизда, сизга немис клубларидан таклифлар борлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Ўзи "Женоа"ни танлашингизда қайси жиҳат энг катта роль ўйнаган?

"Агентларим билан гаплашган пайтимда, улар менга "Женоа"нинг афзалликлари ҳақида айтиб берган эди. Биринчи навбатда, улар кўп ҳуҳумчилар етиштириб берган ва катта клубларга трансфер қилган. Иккинчидан, улар яхши футболчини узоқ вақт давомида ушлаб турмайди. Яхши вариант чиқдими, дарҳол қўйиб юборишади. Шунингдек, Генуяда футболга қизиқиш юқори даражада. Биргина "Сампдория" - "Женоа" дербисининг ўзи Италиянинг энг тарихий дербиларидан бири саналади".