Электрон сигареталар чекишни ташлашга ёрдам бериши ҳақидаги хабарлар асоссиз

Электрон сигареталар чекишни ташлашга ёрдам бериши ҳақидаги хабарлар асоссиз

Электрон сигарета (вейп) чекиш одатий сигареталар каби ўпка, юрак қон-томир тизими касалликлари, иммунитет сустлашишига сабаб бўлиши, айниқса, бу маҳсулот марказий асаб тизимига салбий таъсир этиб, чекувчида қарамликни келтириб чиқаради. Аммо бу ҳақда қанча кўп таъкидланмасин,  электрон сигареталарнинг фойдали экани тўғрисидаги гаплар камаймаяпти.

Яқинда интернет тармоғида эълон қилинган “Оддий сигареталардан электрон сигаретага ўтганда кўп учрайдиган 6 хато” деб номланган мақола  худди шу мазмунда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат ШУКУРОВ ушбу материалда  келтирилган фикрларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига асосланган ҳолда қарши далиллар келтирди. Қуйида электрон сигарета чекишга ўтиш бўйича берилган “тавсиялар”ни рад этувчи  тиббий асосларга эга далиллар акс этган:

Энг дастлабки хато шуки, оддий сигарета чекишдан электрон турдагисига ўтгандан кейин айримлар “аввал ҳар иккала сигаретани ҳам чекиш керак, чунки никотинни қабул қилишнинг янги усулига ўрганиши учун организмга вақт зарур”, деб фикр билдирмоқда, — дейди Ш. Шукуров.

Аслида эса электрон сигареталарни ҳам, оддий сигареталарни ҳам бирга чекиш янада кўпроқ зарарли таъсир кўрсатиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолатларда нафас олиш аъзолари ва юрак-томир касалликлари хавфи икки баробар ошади.

Иккинчи “тавсия” эса қуйидагича: “Ҳар хил сигареталардан олинадиган ҳиссиётлар мутлақо ҳар хил бўлади. Аста-секин зарарсизроқ сигареталарга ўтаётганда бундай экспериментларни қўллаш мумкин”.

Айтиш лозимки, “зарарсиз сигареталар”нинг ўзи йўқ, чунки ҳаммасида никотин ва канцероген моддалари бўлади. Никотин жуда кучли қарамликни келтириб чиқаради, айниқса, ҳали яхши шаклланмаган марказий асаб тизими бу моддага тезроқ ўрганади, марказий асаб тизимининг шаклланиши эса тахминан 25 ёшгача давом этади. Электрон сигареталарни чекиш юрак-томир ва ўпка касалликлари хавфини оширади. 

Тамаки саноатининг қуйидаги фикрига эътибор беринг: “Бу турдаги сигареталар харид қилишда тежамкорлик ярамайди. Арзонлари соғлиққа кучлироқ зарар етказади, чунки бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчилар эҳтиёт қисмлар, никотин, хушбўй ҳид таратувчи моддалар (ароматизатор) ва ҳоказоларни тежаб қўллайди. Жуда кўп ҳолларда арзон электрон вейплар ишончни  оқламайди”.

Мутахассис сифатида фикрим шуки, ҳар қандай нарх тоифасидаги электрон сигареталар соғлиққа зарар етказади. Бунда, электрон сигареталардан ажралаётган заҳарли моддалар миқдори баъзан тамаки тутунига қараганда анча юқори даражага етади. 

Бир қатор металлар, шу жумладан қўрғошин, хром ва никель, шунингдек, баъзи бир электрон сигареталар аэрозолларида формальдегид миқдори оддий сигареталардагига тенг ёки ундан ҳам юқорилиги аниқланган.