Энди пенсияга чиқиш учун архив маълумотлари шарт эмас

Энди пенсияга чиқиш учун архив маълумотлари шарт эмас

Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 396-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ эндиликда, ногирон боланинг, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг оилага тарбияга олган (патронат) тутинган ота-онасига хам, тарбияга олинган тутинган боласи учун  нафақа тайинлаш тартиби жорий қилинди.

Шунингдек, пенсия тайинлаш учун иш стажи “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (“ЯММТ” ИДАК) да мавжуд маълумотлар асосида ҳам тасдиқланиши белгиланди.

Қарор билан, архив маълумотларини тақдим этмасдан иш ҳақи миқдорини аниқлаш:

2005-2016 йиллар даври учун – жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан;

2016-2018 йиллар даври учун – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

2019 йил учун – фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан;

2020 йилдан кейинги давр учун – “ЯММТ” ИДАКда мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб амалга оширилади.

Қабул қилинган қарор, Ҳукуматимизнинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган қатламига бўлган доимий эътиборнинг яққол ифодасидир.