Энергетика вазири стипендияси таъсис этилди

Энергетика вазири стипендияси таъсис этилди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги мутасаддилигидаги олий ўқув юртлари талабалари учун “Энергетика вазири стипендияси” таъсис этилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур буйруққа асосан, Энергетика вазири стипендияси 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университети ва “МЭИ” Миллий тадқиқот университетларининг Тошкент шаҳридаги филиалларида таҳсил олаётган 3 нафаргача бўлган энг иқтидорли талабаларига Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараварида ҳар ойда тўлаб борилади.

Стипендиатларга Энергетика вазирлиги томонидан “Энергетика вазири стипендияси соҳиби” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совҳалар берилади.

Шу билан бирга, стипендиатларни ўқишни тамомлаганларидан сўнг вазирлик тизимидаги ташкилотларда иш билан таъминланиши кафолатланади.