Энергетика вазирлиги зиммасига жавобгарлик юкланди

Энергетика вазирлиги зиммасига жавобгарлик юкланди

Қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар ва саноат зоналарига инфратузилма етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади – Президент тўртинчи йўналиш ҳақида тўхталди.

– Инфратузилма муаммоларини 3 мингга яқин тадбиркор кўтарган. Масалан, Сирдарёда “Гулистон голд ярн” корхонаси узоқ муддатдан бери электр тармоғига улана олмаган. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ва ўз ҳисобидан трансформаторгача олиб келган. Унга озгина ёрдам берилса, корхона 600 та янги доимий иш ўринлари яратишга тайёр.

Шунинг учун, биринчидан, келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Бу имтиёз, ҳозирги кунгача фақатгина 50 миллион доллардан ошадиган хорижий инвесторлар лойиҳаларига қўлланиб келинмоқда.

Иккинчидан, келгуси 2 йилда республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхонани жойлаштириш мўлжалланиб, электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмаси етказиб бериш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади.

Ушбу мақсадлар учун, келгуси йилда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилади.

Қўчқоров, Умурзоқов вилоят ҳокимлари билан бирга 1 ноябрга қадар саноат зоналарининг жойлашуви ва аниқ лойиҳа таклифларини тайёрласин.

Бу чоралар ҳудудий саноат улуши анча паст бўлган Сурхондарё, Бухоро, Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги айрим туманлар учун жуда катта имконият яратади.

Учинчидан, электр энергиясидаги узилишлар кўпчилик тадбиркорларимизни безовта қилаётгани ҳам, айни ҳақиқат. Бу масала бўйича ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил 1 ноябргача 4 мингта трансформаторни алмаштириш, 35 та подстанция, 15 минг километр тармоқларни янгилаш ишлари якунига етказилади.

Бу ишларни амалга ошириш учун, жорий йилнинг ўзида илк бор 3 триллион сўм маблағ ажратганмиз.

Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсадида тарихимизда илк бор бу соҳага тўғридан-тўғри хорижий ва хусусий бизнес кириб келди. Натижада шу йил якунига қадар тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобига умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади.

Энергетика вазирлиги келгуси йилларда бу каби лойиҳаларни кескин кўпайтириб 2023 йилга қадар электр энергияси бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини 4 минг 400 Мегаваттга ошириши шарт.

Тўртинчидан, электр тармоқларига уланишдаги жараёнларнинг мураккаблиги, муддатлар узоқлиги ва харажатлар юқорилиги тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Масалан, истеъмолчиларнинг 75 фоизи 20 киловаттгача қувватли электр ишлатадиган кичик цехлар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳисобланади. Лекин, уларга ҳам худди йирик корхоналар билан бир хил талаблар қўйилган.

Мисол учун, оддий савдо дўконини электр тармоғига улаш учун 4 та босқичдан ўтиш, 7 миллион сўм харажат ва бунга камида бир ой вақт талаб этилади.

Энергетика вазирлиги томонидан келгуси йил бошидан ушбу масалада янги, қулай тизим жорий этилади. Бунда электр тармоғига уланиш тўлиқ электрон платформага ўтказилади ва барча жараёнлар бир босқичга туширилади.

Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 киловаттли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади.

Агар электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, улар тадбиркорларга компенсация тўлайди. Ушбу ишлар Давлат хизматлари марказлари орқали ташкил этилиб, мунтазам назорат қилиб борилади.

Умуман, тадбиркорларни керакли ҳажмда энергия ресурслари билан таъминлаш масъулияти ва жавобгарлиги Энергетика вазирлиги зиммасига юкланишини қонун билан мустаҳкамлаб қўямиз, — деди президент.