«Энг хавфли томони — қурилишда на уста, на ‘прораб’ бўлган». Жиззахдаги кўп қаватли бинонинг қулаши бўйича қўшимча маълумот берилди

«Энг хавфли томони — қурилишда на уста, на ‘прораб’ бўлган». Жиззахдаги кўп қаватли бинонинг қулаши бўйича қўшимча маълумот берилди

Қурилиш вазирлигида 14 январь, пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида қурилиш вазирининг ўринбосари Козим Тўлаганов Жиззах шаҳрида кўп қаватли бийнолардан бирининг қулаши ҳолати юзасидан қўшимча маълумот берди.

10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. ФВВ ва Бош прокуратуранинг қайд этишича, воқеа оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган фуқаролар бўлмаган. Маълум қилинишича, қулаб тушган бино ёнидаги 6 қаватли иншоотнинг ҳам пойдеворларида чўкиш аломатлари кузатилган бўлиб, ҳозирда у хавфли ҳолатда турибди. Ҳалокатни ўрганиш мақсадида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ ҳукумат комиссияси тузилган. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Анжуманда маълум қилинишича, Жиззах шаҳридаги воқеа бўйича «Баракали қоракўл чорвадор» фермер хўжалиги томонидан Жиззах вилояти Қурилиш соҳаси ҳудудий назорат инспекциясига Давлат хизматлари маркази орқали 2020 йил 29 январь куни мурожаат қилинган. Инспекция томонидан белгиланган тартибда рухсат олинган ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун 16-сонли рухсатнома берилган.

Дастлаб, «Жиззах бунёдкор лойиҳа» МЧЖ томонидан 3 қаватли лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳа-смета ҳужжатлари «Шаҳарсозлик ҳужжатлари» ДУК Жиззах вилояти филиали томонидан 2020 йил 17 ноябрда ижобий йиғма эксперт хулосаси олинган.

Шунга қарамасдан, буюртмачи пудратчи томонидан хўжалик усули билан 1—2-қавати савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда 3–6-қаватларида турар жой бинолари қурилиши бўйича лойиҳа ҳужжатлари Discovery Agrotech Group томонидан қайта ишлаб чиқилган.

Жиззах вилояти қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги ҳудудий архитектор шаҳарсозлик кенгаши билан келишилмаган. Лекин Жиззах вилояти «Шаҳарсозлик ҳужжатлари» ДУК Жиззах вилояти филиалининг 2020 йил 12 октябрда йиғма хулосаси олинган.

Буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш киритилган уч қаватли бино олти қаватли бинога ўзгартирилган, лойиҳа-смета ҳамда экспертиза хулосаси ўзгартирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 373-қарори 5-иловаси 20-бандига биноан, 10 кунлик муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш киритилиб, экспертизадан ўтказилганлиги юзасидан ҳудудий инспекцияга маълумот киритилмаган.

Объектда қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг март ойида бошланган. Демак, бу ерда биринчи лойиҳа асосида иш бошланган деган хулоса келиб чиқади. Чунки иккинчи лойиҳа кейинги муддатда экспертизадан ўтказилган, — деди Козим Тўлаганов.

Қурилишда техник хавфсизликнинг биринчи ва иккинчи бандларига амал қилмаган ҳолда қурилиш майдонида ишчилар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаганлиги, уй-жойнинг пойдевор ишларида бажарилган қуйма бетон лойиҳавий мустаҳкамлиги мос келиши бўйича қурилиш-синов лаборатория хулосаси тақдим этилмаганлиги, қурилиш объектига буюртмачи томонидан техник назоратчи ва ишларни юритиш учун иш юритувчи ‘прораб’ буйруқ билан бириктирилмаганлиги инспекция томонидан муддатли ёзма кўсатма берилган.

Кўрсатиб ўтилган камчиликлар берилган тақдирда ҳам энг хавфли томони — қурилишда на уста, на ‘прораб’ бўлган. Ўзи билганича иш олиб борган. Иккинчи томони, объектда март ойида биринчи лойиҳа билан иш бошланган. Экспертизанинг иккинчи хулосасини 12 октябрда қайтадан чиқаришган. Ҳаммаси тушунарсиз ҳолат. Инспекция томонидан шунча камчиликлар бўйича улар қўлига ҳужжат бериляпти, улар эртасига лабораторияни чақириб, мослаштиряпти, лекин асосий ҳужжат йўқ. ‘Прораб’ вазифасини бажарадиган одам йўқ.

Энг кераклиги – объектни нотурарга кўчириш бўйича ҳужжатларнинг бирортаси расмийлаштирилмаган. Лаборатория қолган ишлар бўйича қисман хулосасини берган. Объектда энг асосий шахс буюртмачи ҳисобланади. Ўша буюртмачининг жавобгарлиги биринчи ўринда туриши керак. Иккинчи — лойиҳачи, учинчи — пудрат ташкилотининг ички назорати. Бу объектда на униси, на буниси, на учинчиси шаклланган. Натижа мана шундай ҳалокатга олиб келди. Агар олдига қўйилган вазифалар ўз вақтида бажарилганида, бу аҳволга келмаган бўларди, — деди вазир ўринбосари.