ЕОИИ иқтисодий иттифоқ эмас, сиёсий тузилма

ЕОИИ иқтисодий иттифоқ эмас, сиёсий тузилма

Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақида бундан олдин ҳам ёзганман, ҳозир ҳам фикрим ўзгармади. Бу иттифоқ иқтисодий эмас, сиёсий. У иттифоққа кириш сабаблари ҳам албатта сиёсий.

Охирги пайт иттифоққа кириш ёки кирмасликнинг афзаллик ва камчиликлари ҳақида жуда кўп мақолалар ўқидим, аксарият мақолаларда хато таҳлил қилиняпти. Худдики бу иқтисодий ҳисоб-китоб орқали қабул қилиниши керак бўлган қарор.

Биринчи миф — бу муҳожирларимизни ҳаёти осонлашиши ҳақида, ва келажакда иттифоққа кирсак улар патент тўламасликлари ҳақида. Қаранг, патент — яъни Россия Федерациясида ишлаш учун пул тўлаш тизими 2014 йилни охири/2015 йилнинг бошида ташкил этилган.

Худди шу йили Евросиё иқтисодий иттифоқи тузилган ва Россия таклифига кўра, иттифоққа аъзо мамлакатлар патент тўлаши шарт эмас деб келишилган. Шу келишувга кўра, патент тўлаш керак мамлакатлар атиги 6 та қолган: Абхазия, Озарбайжон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украина.

Демоқчиманки, патент тизими ташкил қилинишининг асосий мақсади иттифоққа аъзо бўлмаган мамлакатларни шу иттифоққа қўшилиши учун босим ўтказиш. Бундан олдин ҳам а патент тизими бу табиат қонуни эмас, агар Россия хоҳласа, эртагаёқ патент тизимини Ўзбекистон фуқароларига бекор қилиши мумкин, деб айтгандим. Чунки, патент тизими ташкил этилишининг асл сабаби ҳам сиёсий музокараларда ишлатиш учун восита бўлган.

Иккинчи сабаби деб савдо эркинлашувини кўрсатишмоқда. Бу ҳам иқтисодчи учун ғайритабиий бир аргумент. Биринчидан, Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ортасидаги эркин савдо келишувига аъзо. Яъни савдо бундан эркинроқ бўлиши қийинроқ.

Лекин хўп, майли, иттифоқнинг ичида барьерлар МДҲ келишувидан ҳам камроқ десангиз, бунинг ечими оддий, Ўзбекистон бир тарафлама барьерларни қисқартира олади, яъни ҳозирнинг ўзида, бутун дунё мамлакатларидан импорт қилинадиган товарларга барьерларни олиб ташлашимиз мумкин, бунинг учун қайсидир иттифоққа аъзо бўлишимиз шарт эмас (аслида шундай қилсак яхши бўлар эди, нафақат иттифоқ билан балки бутун дунё билан савдони эркинлаштиришимиз зарур).

Энди иттифоқ бизнинг экспортимизга тўсиқлар қўйиши мумкин деган хулосага қўшилмаган бўлар эдим, айниқса ҳозир. Россия ҳозирнинг ўзида бутун Европа ва АҚШдан озиқ-овқатни ололмайди (контр санкциялар) ва биз уларга қиладиган экспорт айнан озиқ-овқат бўлгани учун (шу ерда GM экспорт рақамлари керак эмас), иттифоқ аъзолари бизни товарлардан воз кечиши эҳтимоли ниҳоятда паст, чунки уларга етказиб берувчи мамлакатлар рўйхати жуда қисқариб кетади. Боз устига, жуда муҳим нарса, биз МДҲ эркин савдо келишуви аъзосимиз, яъни қонунан, улар бизни экспортга чекловларни ҳозир ҳам қўя олишмайди.

Лекин келишувда бизда эркин савдо, лекин шунга қарамай Россия бизни товарларга чеклов қўйяпти деб айтишингиз мумкин. Тўғри, келишувларга қарамасдан, де-факто санитария ва бошқа баҳоналар билан бизни экспортчиларимизга тўсиқлар қўйиляпти. Агар келишувга қарамасдан улар шундай қилишаётганини билсангиз, унда, нима учун янги келишув талабларини улар бу сафар тўлиқ амал қилишига умид қиляпсиз?

Хуллас, хулоса шуки, иттифоққа кириш сиёсатчилар ҳал қиладиган ва фақатгина сиёсий ҳисоб-китоблар орқали ҳал қилинадиган нарса. Шунинг учун ҳам, депутатлар ва таҳлилчилар бу келишувларга қандайдир иқтисодий тус беришини нотўғри деб биламан. Канал обуначиларини ЁИИга киришимизга оид маънога эга эмас турли хил иқтисодий таҳлилларини ўқимасликка чақирган бўлар эдим ва тўғрисини айтсам, иттифоқ тўғрисида сиёсатшуносларни фикрини эшитмоқчиман.

Бизнинг халқ вакилларимиз, яъни депутатларимиз кириш ва кирмасликка оид фикрларини иқтисодий эмас, сиёсий сабабларини асослаб беришларини хоҳлар эдим, чунки иқтисодий сабаблари йўқлиги аён.

P.S. Диққат билан ўқиган бўлсангиз, мен кириш ёки кирмаслик ҳақида фикр айтмадим.

"Иқтисодчи кундалиги"дан


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.