Эпидемиялар жаҳон иқтисодиётига қай даражада таъсир кўрсатади?

Эпидемиялар жаҳон иқтисодиётига қай даражада таъсир кўрсатади?

Фото: REUTERS/Vincent Yu

Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви билан юқумли касалликларнинг етказадиган зарарнинг эҳтимоли ҳам кўпайиб бормоқда.

Бундай касалликларни олдиндан айтиб бўлмайди, ваҳима ва қўрқув туфайли иқтисодиётга салбий оқибатлари кўлами анча катта бўлади. Яъни, касалликнинг ўзи эмас, унга бўлган реакциянинг оқибатлари қимматроқ бўлиши мумкин.

Умуман олганда, юқумли касалликлар ва улар билан боғлиқ ўлимлар сони йилдан йилга камайиб келмоқда. Аммо касаллик кескин тарқалишининг иқтисодий зарарлари ва оқибатлари ошиб бормоқда. Бу парадокснинг сабаби глобаллашувнинг ривожланиши, халқаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ва туризмнинг ўсиши билан боғлиқдир.

Жаҳон банкининг 2015 йилдаги ҳисоб-китобларига кўра, пандемия йилига қарийб 570 миллиард долларга ёки дунё даромадининг қарийб 0,7 фоизига қисқартириши мумкин.

Яна бир эътибор бериш керак бўлган жиҳат шуки, бу касалликни эбола билан солиштиришда кўп таҳлилчилар катта хато қилишяпти. Яъни, ўлим даражаси (зарарланганларнинг ўлимларга нисбати) бу касалликда камроқ дегани бу хатарлик даражаси камроқ дегани эмас. Чунки эболанинг тарқалиш ўчоғи нисбатан жуда қашшоқ мамлакатларда эди. Яъни, соғлиқни сақлаш инфратузилмаси камбағал мамлакатларда ёмонроқ бўлади ва эпидемия туфайли ўлимлар даражаси ҳам тегишли равишда кўпроқ бўлади. Бу касалликнинг ўчоғи Хитойда бўлганлиги ҳам қандайдир маънода ўлим даражасига таъсири бор. Бошқача қилиб айтганда, агар бундай касаллик ҳақиқатдан ривожланган мамлакатда бошланганида, ўлим даражаси ҳозиргидан камроқ бўлиши ҳам мумкин эди.

Шунинг учун ҳам касаллик ҳақида уни ўлим даражасидан келиб чиқиб хулоса қилиш қийин. Энг муҳими, бундай касалликлар камбағал мамлакатларга тарқалмаса ва бошланмаса бўлди, чунки камбағал мамлакатларда қурбонлар сони, табиийки, кўпроқ бўлади.

Яна бир нарсани айтиш керак, эпидемияларни башорат қилишнинг иложи йўқ: уларнинг тарқалиши ҳеч қандай мунтазамлик ёки даврийликка эга эмас. Гипотетик жиҳатдан, 1918 йилдаги 50 миллион кишининг ҳаётига сабаб бўлган “Испан гриппи”га ўхшаш кенг миқёсли пандемия эҳтимоли ҳар доим мавжуд. Шу ҳақида Лоуренс Саммерснинг мақоласини тавсия этаман.

Эпидемиялар худди иқтисодий инқирозга ўхшайди, чунки башорат қилиш билан у ҳодиса содир бўлиши бир бирига тенг нарсалар. Яъни, агар касалликни башорат қила олганимизда, эпидемия бўлмас эди. Худди шундай, соғлиқни сақлаш тизимида миллионлаб шундай эпидемияларни олдини олиш билан шуғулланадиган инсонлар бор, қанча мингта олди олинган биз билмайдиган эпидемиялар мавжуд, бугунгиси эса, тақдир тақозоси.

Қизиғи, Висконсин университети касалхонасида шу касалик билан зарарланган биринчи одамни ўтган куни қабул қилишди. Яъни, вирус бизни тарафларга ҳам етиб келди.

"Иқтисодчи кундалиги"дан


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.