Эрон ташқи ишлар вазири: «АҚШ Теҳроннинг музлатилган маблағларини қайтариши зарур»

Эрон ташқи ишлар вазири: «АҚШ Теҳроннинг музлатилган маблағларини қайтариши зарур»

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян Теҳроннинг Венада қайта бошланаётган ядро келишуви музокараларига қайтаётгани учун Вашингтондан Эронга тегишли бўлган 10 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги активларини қайтариши зарурлигини қайд этди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилган.

«Улар Эрон халқига тегишли 10 миллиард долларни қайтаришни истамаяпти. Агар бунинг акси юз берса, биз америкаликларнинг охирги ўн йилликлар давомида биринчи марта Эрон халқининг манфаатларини ўйлаганини тан оламиз», – деган Эрон ташқи ишлар вазири.

Эрон АҚШнинг банк ва энергетика соҳаларига нисбатан қўллаган санкциялари туфайли нефть ҳамда газ экспортидан тушган, хориж банкларидаги ўн миллиард доллардан ортиқ активларини қайтара олмаган.

Абдуллоҳиян сентябрда АҚШ вакилларининг БМТдаги воситачилар орқали Эронга алоқага чиққани, июнь ойида тўхтаб қолган Венадаги Ядро келишуви бўйича музокараларни қайтадан бошлашни сўраганини маълум қилган.

«Америкаликлар Нью-Йоркда биз билан турли каналлар орқали боғланишга уринди ва мен воситачиларга АҚШнинг нияти жиддий бўлса, бунга жиддий асос ва исбот келтириши зарурлигини айтдим», – деган Эрон ТИВ вакили. Шунингдек, у АҚШдан камида 10 миллиард долларни қайтаришни сўраган.

Вазир Теҳроннинг Венада бўлиб ўтадиган музокараларга тайёргарлик кўраётгани ва жараён тез орада бошланишини айтиб ўтган.