Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эртага бир залворли кундир!
20.10.2020 16:01,  
84

Қачон имловий хатолар оддий воқеликка айланиб улгурди экан-а деб кўп ўйлайман!

Ижтимоий тармоқларда эл таниган одамларнинг ҳеч иккиланмай шевада, қандай талаффуз қилса, борича ёзаётганидан оғринаман. Ахир, бу ҳам бир сўқирлик, бу ҳам бир ҳурматсизлик эмасми?

Биз шу вақтга қадар кўпинча тилимизда гапиришни билмайдиганларни, йўқ-йўқ, аслида тилимизда гапиришдан ор қиладиганларни кўпроқ танқид қилдик! Тил байрами деса топганимиз шу мавзу бўлди!

Аслида-чи? Аслида тилимиз учун улар фожеа эмас эди!

Тилимиз учун ҳақиқий фожеа – саводи тобора ҳаминқадар бўлиб бораётган ўзимизнинг қоракўзларда, адабий тилда ёзишни деярли унутаёзган авлодда!

Энг даҳшатлиси, “Яхшимисиз”ни “Yaxwmsz” деб ёзаётганлар бугун аллақачон фарзандлар тарбиялашмоқда. Хўш, уларнинг эртаси нима бўлади деган савол айни кунларда бизни кўпроқ безовта қилиши керак.

“Тил байрами”ни аслида хурсандчилик ила нишонланадиган сана деб эмас, аксинча тарихий зарурат, тилимизни асраб қолиш йўлида амалга оширилган бир халоскор чора деб қабул қиламан.

Чора-ки, ишқилиб, наф берсин!

Наф берар деб ўтказилаётган қўша-қўша тадбирлару учрашувлар тилимизни асраш йўлида қанчалик самарали – бу энди алоҳида мавзу.

 “Эртага тил байрами дам олиш куни бўладими?” – деб сўраётганлар учун эса айтар сўзим эртага дам олиш куни эмас, эртага залворли бир кундир!

Ҳеч бўлмаса, шу бир кунгина ўзингизга қаранг – саводинггизга, ёзаётган сўзларингизнинг имлосига қаранг! Ҳеч бўлмаса шу бир кун ижтимоий тармоқларда хатосиз ёзаман деб ўзингизга ўзингиз сўз беринг! Жилла қурса, яхши бир асар ўқинг!

Тил байрамида тилимиз ривожига қўшган ҳиссангиз шу бўлади!

Унутманг, тилга ҳурматсизлик аслида элга ҳурматсизлик!

Элни ҳурмат қилмаганнинг эса эл ардоғида юрганига сира ишонманг!

Бари юзаки, бари ўткинчи!

Ҳусан Тангриев,

журналист

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан