"Эшитган фикримга қараб иш қиладиган бола эмасман. Футболчиларни кўр-кўрона айблашдан йироқман" — ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев «Offside» кўрсатувида қатнашди. Унда функционер Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов ва бошқа масалалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Терма жамоанинг кейинги босқичга чиқа олмаслигини олдиндан тахмин қилгани ҳақида

Тахмин бўлган, олдиндан, буни яширмайман. Лекин олдиндан билганман деб айта олмайман. Чунки ҳеч нарсани олдиндан билиб бўлмайди. Ички хавотир бор эди, менда бу Вадим Абрамов терма жамоага тайинлангандан кейин бошланган. Шунинг учун жуда бир оламшумул, дод-вой соладиган нарса бўлмади мен учун.

Хорижлик мураббийнинг кетиши ва Абрамовнинг келиши нотўғри йўл эканлиги ҳақида

Кўпчилик бизга ҳужумкор футбол ёқишини айтади, менга ҳам ёқади шундай ўйин. Мана кеча боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев ҳам ҳужумкор бокс кўрсатиб, битта кучли зарба ўтказиб юбориб, нокаутга учради. Футболда ҳам шунақа. Уришни билган одам, калтак ейишни ҳам билиш керак. Саудия Арабистони иккита ўйинда 3 тадан гол уриб, Эктор Купернинг фалсафаси тўғри эканлигини кўрсатди. Тошкентда ҳам, Ар-Риёдда ҳам. Фақат гол уришимиз, олдинги чизиғимиз ва ярим ҳимоямиз билан иш битмаслигини ҳамма билади. Купер ҳимояни тўғрилашдан бошлаётганди. У биларди, ҳимоямиз оғриқли нуқта эканлигини. Жаҳон Чемпионатидаги рақибларимиз Япония, Корея, Эрон, Австралия ва Саудия Арабистони эканлигини ҳам яхши тушуниб турганди. Биз улар билан ҳужумкор ўйнай оламизми? Йўқ. Қийналамиз, жудаям қийналамиз.

Мисол учун Кореянинг етакчи футболчилари Европанинг кучли чемпионатларида ўйнайди. Бизникилар эса Кореянинг 1-лигасида. Шундай экан, қандай қилиб ҳужумда ўйнашимиз мумкин. Абрамов ҳимояланишни билмайди. У буни бир неча маротаба исботлаган. Ўзбекистонни Олимпиададан мосуво қилганда ҳам, клубларда ишлаганда ҳам, 6 талаб голлар ўтказган. У авантюрист мураббий. Шунинг учун менга унга на шахс сифатида ва на мураббий сифатида ишонмаганман, ишонмайман ҳам.

Вадим Абрамов терма жамоа мураббийлигига қайта тайинланишидан олдин «Бунёдкор»ни тубликдан олиб чиққани ҳақидаги гаплар борасида

Битта савол бераман: «Бунёдкор» қачон тубга тушиб кетганди? Академияси бор, майдонлари бор, доим футболчилар етишиб чиқади. Бу клуб қанақасига тубга тушиб кетди ва Абрамов нимадан олиб чиқди? У ўсиб турган лолаларга тайёр боғбон бўлиб келди. Молиявий қийинчиликлар бўлган бўлиши мумкин. Бироқ «Бунёдкор» ва «Насаф»да шундайки, жамоа минг ўйинчисиз қолиб кетса ҳам, нарироқда қурол сақланадиган омбори бор. Ўша футболчилар билан Суперлигадан чиқиб кетиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Ўша жамоага келди ва тайёр футболчиларни ўйнатди. Буни нимаси тубдан олиб чиқиш, тўғриси тушунмадим.

Абрамов «Нефтчи»да қандай ишлаганини биламан, «Локомотив»да нималар қилганини биламан. Клуб миқёсида қандай оламшумул иш қилди? Тубдан олиб чиқиш қанақа бўлади, «Андижон» билан Суперлигада 4—5-ўринни олсин, «Бухоро»да ишласинда, жамоани олиб чиқсин.

Эктор Куперни кетказиш учун Фаластинга қарши дастлабки ўйинда атайин имконият бой берилгани ҳақида

Эшитган фикримга қараб иш қиладиган бола эмасман. Футболчиларни кўр-кўрона айблашдан йироқман. Бироқ ўзимни шубҳага солган ўйинлар бор. Масалан, ЖЧ—2014 йўлида Ливанда дуранг ўйнаганимиз, КХДРга қарши ўйиндаги мағлубият ёки Фаластинга қарши баҳс — булар шубҳали ўйинлар, бироқ бунга ҳеч қандай далилим йўқ.

Ҳар қандай футболчи терма жамоада унга тайинланган мураббий билан ишлаб, натижа кўрсатиши керак. Футболчиларни терма жамоада мураббий танлаб ўтиришини ҳазм қилиб бўлмайди. Қайси футболчи бўлишидан қатъи назар.

Мисол учун, Абрамов биринчи марта ишдан олиниб, унинг ўрнига Миржалол Қосимов тайинланган вақтда Сервер Жепаров ва Темур Кападзени федерация биносида кўрганман. Улар мураббийни олиб қолишга ҳаракат қилганди. Лекин улар ватан терма жамоасида ўйнаяптими, ким мураббий бўлмасин, у жамоада жонини бериб ўйнаши керак.

Абрамовнинг салоҳияти ҳақида

Ўзбекистон терма жамоасининг салоҳияти Яман ва Сингапурни мураббийсиз ҳам ютишга етади. Мураббийнинг имзоси ўзидан кучли ёки тенг рақибларга қарши ўйинларда сезилади. Биз Саудия Арабистони билан икки марта ўйнадик. Иккита ўйинда улардан олтита гол ўтказиб юбордик. Бу Абрамовнинг ҳақиқий салоҳиятини билдирадиган натижа.

Эктор Купернинг ҳимоявий услуби футболчиларимизни толиқтирган бўлиши мумкин. У кетганидан кейин Абрамов келди ва «бемалол ўйнанглар» деди. 1-2 ўйинда шундай эйфория билан ғалаба қозонса бўлади, аммо кейингиларига мураббийнинг имзоси керак.

Абрамовда тайёргарлик учун бир йил вақт бўлди. У марказлаштирилган тизим, мусобақанинг бошқа ерга кўчирилганини муҳокама қилмасин. Биз жавоб ўйини учун шундоқ ҳам Саудияга боришимиз керак эди, Яман билан ҳам ўйин сафарда, шунга ўхшаш жойда бўлиб ўтарди. Фақат Сингапур билан ўйинимизгина ўша ерга кўчиб қолди. Дубайга борди, 6-7 минг доллар сарфлаб Галиулинни кузатишга борди. Бир йил шу ўйинга тайёрланиб, бир кун қолганида кимдир хонасига кириб «мен ҳимояда ўйнамоқчиман», деган экан «хўп, ўйна» дебди. Бу ахир кулгили ҳолат. Сен бу ўйинга бир йил тайёрландинг! Одил Аҳмедов кириб шундай деганига ишонмайман ҳам. Ўша куни (ЎФА конгрессида) фақат Одил Аҳмедовга ачиндим. У сардор сифатида Ўзбекистон терма жамоасининг, «Пахтакор»нинг муваффақиятларига ҳисса қўшган. Миллион-миллион пуллар таклиф қилинганида ҳам «Пахтакор»ни тарк этмаган. Ўша куни шундай вазият бўлиб қолди ва у ҳам фаолиятини тугатди.

Саркисян, Бабаян ва Абрамов ҳақида

Мен нимага ачинаман, биласизми, миллатчи эмасман, бироқ менинг жамоам, менинг ғурурим 8 йилдан бери иккита одамнинг қўлида ўйинчоқ бўлиши... Бу ҳолатга ачинаман. Келади. Хоҳлаган ишини қилади. Мухлисга ҳам «қўйиб қўяди», хоҳласа у футболчини чақиради, хоҳласа бунисини, истаган ишини қилади ва охирида биттаси ҳамма айб менда дейди, яна бири матбуот анжуманига келмай ҳам қўя қолади. Хато қилиш айб эмас, хатони такрорлаш айб. Қачонгача шу хатони такрорлаймиз? Ўзбек футболида миллий терма жамоада Саркисян ҳам ишлади, Бабаян ҳам ишлади, Абрамов ҳам ишлади. Сиз уч ўзбек мутахассиси Арманистон терма жамоасини кетма-кет бошқаришини тасаввур қила оласизми? Мен эътиқод томондан ҳам, миллат томондан ҳам бағрикенгман.

Абрамовнинг агентлик фаолияти билан шуғулланиши ҳақида

Бизда ҳам ғурур бор-ку. Агентлик билан шуғулланади. Футболчиларга шартномага қўл қўй дейди, футболчиларни сотади. Жасур Жалолиддиновни кўрдингиз. Биз ўша вақтда шов-шув кўтардик, шу болани қутқариб қолишга интилдик. Ичимиз ачиди. Етим болани ўйламаган одам, сизнинг терма жамоангизни ўйлайдими? Унинг иши шу.

Менга алам қиладигани, матбуот анжумани журналистларнинг ҳамма саволига жавоб топиб беради. Ўзимга қолса, унга нисбатан тартиб-интизом ишини очардим. Беш футболчини олиб келиб, уларга боғлиқ вазиятни ўрганиш кифоя. Терма жамоага кимни ва нима мақсадда қўйяпти? Купернинг устунлик томони шунда эдики, унинг терма жамоада агентлик манфаати йўқ эди.

Унга ҳамма шароит қилиб берилди, хоҳлаган жойига борди, хоҳлаганда чемпионатни тўхтатди, истаган ўйинчисини олди. Бутун халқ айтди: «Ҳой, бу футболчи югура олмайди». Йўқ, ҳамма ишни қилди, ҳаммасини расво қилди!

Ҳимоявий ўйинда муваффақиятсиз ҳаракати ҳақида

Наҳотки шуларни олдиндан кўришни иложи бўлмаган? Айримларнинг фикрича, у ҳужумкор ўйнайди. Хўп, Австралия билан натижамиз қандай бўлган? Жанубий Корея биланчи? Биз Осиё Кубоги—2011 да ярим финалга қандай чиққанмиз? Ўша вақтда футболчиларимиз энг юқори даражада эди. Холбуки, чорак финалда Иорданияни ютганмиз, Эрон, Япония ёки кучли жамоани эмас. Австралия ва Корея эса ҳақиқий ҳолатимизни кўрсатиб берган. Тўғри, Эронга қарши Тошкентдаги ўйин (ЖЧ саралаши доирасида 0:1) яхши таассурот қолдиргандир.

Баъзи вақтда шундай бўлади, ҳақиқатда омад келмайди. Абрамов жамоаси билан Эронга қарши ўйин шундай бўлганди. 90 дақиқа ҳужум қилинган, Одил Аҳмедовнинг ҳаққоний голи инобатга олинмаган ўйинда ютқазиб қўйганмиз. Одамлар мағлубият бўлса-да, ўйинни жуда яхши қабул қилган. Ўша вақтда кўпчилик Абрамовга ишониб қолганди. Бироқ бугунгисичи? Саудия билан ўйинда нима қилдик? Одил Аҳмедовни ҳимояга қўйди, бечора Машариповни, бутун умр вингер бўлиб ўйнаган болани ўртага қўйди. Сиз Play Station’да ҳам шундай ўйнамасангиз керак. Мессини ҳимояга қўймайссизку. Масалан, ўша симуляторда ўйинчини бошқа позицияга олсангиз, рейтинги пасайиб кетади — бу осмондан олинмаган.

Ўзаро суҳбат борасида

Ҳамма нарсани очиқлаётганим йўқ, бироқ уларга ҳам бир кун вақт келади. «Бунёдкор»да ишлаб юрган вақтида, бир куни хонамга кирди. U-18 чемпионатини тўхтатишни сўради, пул етмаётган экан. «Бунёдкор» бош мураббийи менга шу гапларни айтяпти. «Сени чемпионатингни тўхтацам, тўхтатаман, аммо бу лигани тўхтатмайман», дедим. Шомуродовни, Шукуровни, Алибоевни қайси чемпионат етказиб берган? Ўша болаларга неча пул ҳам кетарди? Унинг юзига айтдим: «Инсофинг борми, сени бир ойлик маошингга U-18 жамоаси 1 йил яшайди». Жаҳл қилиб чиқиб кетди.

Вадим Абрамовнинг «агент мураббий» деб аталаши ҳақида

Бунга 100% қўшиламан. Қолган мураббийларни ҳам шундай дейиш мумкинми? Мисол учун, Рауф Инелеев ёки Миржалол Қосимов футболчиларни шартномага қўл қўйишга мажбур қилганини билмайман. Абрамов борасида ўз фикримни айтдим. Юз фоиз кафолат беришим учун уни иш устида кўришим керак. Бироқ ишончли манбаларим бор ва бунга заррача шубҳам йўқ.

У нуқул мени журналист эканимни айтади. Ўзинг ким эдинг? Маъмур эдинг, тўп ташиб юрувчи ходим эдинг. Омадини берсин. У бундай кўтарилди, мен ундай. Қаердан келиб чиққанимга «ташлаб» нима қиласан?

Саудия Арабистонига қарши ўйин ҳақида

Ўша куни ўйинчиларимиз ҳаракат қилди, уларга бир томондан ачинасиз ҳам. Қўғирчоқ ўйнатувчи одамларни хурсанд қилиш учун яхши театр қўйиб бериш керак, бироқ у буни саҳна ортида қилди.

Миржалол Қосимовни терма жамоага қайтариш борасида

Қосимов — ўзининг йўналишида, ўзининг ритмида, ўзи билганича ишлаётган, деярли катта ғалабаларни қўлга киритмаган «ОКМК»ни аста-секин кўтараётган мутахассис. Икки марта терма жамоага олиб келинган, жуда қийин паллаларда қўлидан келган ёрдамни берган. Ҳар сафар оғир аҳволга тушиб қолганимизда — Қосимов. «Қутқарувчи» ролини беришдан аввал унинг фикри билан ҳам қизиқиш керак.

Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаслигига айбдор ҳақида

Тизим айбдор. Шуни ўзгартириш йўлидамиз. Худо хоҳласа, шу футболда ниманидир ўзгартирамиз ёки кетамиз. Оптимистик кайфиятни сақлаб қоламан ва ўз йўналишимда охиригача кураш олиб бораман. Бир-икки одамнинг сассиқ гапи туфайли бу ердан кетиш ниятим йўқ. Охиригача курашамиз.

Диёр Имомхўжаев, ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи