Тошкентда бедарак йўқолган қизнинг саккиз йил ўтиб мурдаси ва қотили топилди (видео)

Тошкентда бедарак йўқолган қизнинг саккиз йил ўтиб мурдаси ва қотили топилди (видео)

Тошкентда бедарак йўқолган қизнинг саккиз йил ўтиб дараги чиқди. Афсуски, унинг тириги эмас, балки мурдаси Тошкент вилояти Паркент туманидаги дала ҳовлининг ертўласидан топилди.

Ҳали 18 ёшга тўлмаган Наргиза 2012 йилнинг 25 сентябрида Эски Жўва бозорида, ўгай отаси, онасидан 9 ёш кичик бўлган шаръий никоҳдаги Санжарбек чақиргани боис унинг олдига борган ва уйига қайтиб келмаган.

Наргизанинг яқинлари шу вақтгача уни излаб ички ишлар органлари ва прокуратурага мурожаат қилиб келишган. Мазкур иш юзасидан 2012 йили туман прокуратураси томонидан одам ўғирлаш жинояти бўйича иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давомида айбдор шахсни аниқлаш имкони бўлмагани сабабли мазкур жиноий иш бир неча бор ҳаракатдан тўхтатилган.

Мазкур жиноят иши 2020 йили Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилгач, Ғиёсова Наргизанинг бедарак йўқолишида қотиллик аломатлари аниқланганлиги боис, жиноят иши қайта малакаланиб, тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилган.

Тезкор-суриштирув натижасида Наргиза қотиллик қурбони бўлгани, уни ўгай отаси – Сурхондарё вилоятида 1984 йилда туғилган Тўхтаев Санжарбек бўғиб ўлдириб, дала ҳовли ертўласига кўмиб юборгани аниқланди.

Тошкент вилояти суди томонидан Тўхтаев Санжарбек 20 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.