Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари амал қилишига 6 ойдан қамроқ вақт қолди

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари амал қилишига 6 ойдан қамроқ вақт қолди

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун 6 ойдан қамроқ вақт қоляпти. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эслатма билан чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 116-сон қарорига кўра, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган.

Ваколатли органдан олинган статистик маълумотларга кўра, 2017 йил 1 октябрдан 2021 йил 1 июнига қадар республикамиз бўйича 4.600.000 дан ортиқ ҳайдовчилардан 2.200.000 (50%)га яқин ҳайдовчилар эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштиришган.

Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаатчиларга тез ва қулай тарзда хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Хусусан, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини гувоҳноманинг янги намуналарига алмаштириш ҳайдовчилар томонидан паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони тақдим этилганда амалга оширилади.

Шунингдек, қарорга қўра, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланган.

Ҳозирда Тошкент шаҳридаги 7 та туманларида яъни Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор, Яшнобод туман Давлат хизматлари марказлари орқали эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштиришингиз мумкин.

Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси
Ахборот хизмати