«Эътиборсизлик, билимсизлик, қўпол техник хато». Фарғонада ўрнатилган вермахт аскарлари акс этган плакат бўйича изоҳ берилди

«Эътиборсизлик, билимсизлик, қўпол техник хато». Фарғонада ўрнатилган вермахт аскарлари акс этган плакат бўйича изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда 9 май куни Фарғона шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғида «Хотира бор экан – миллат барҳаёт» сўзлари остида вермахт аскарлари расми туширилган кўчма плакатнинг ўрнатилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Файзулло Қосимов мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, немис аскарларининг суратлари туширилган мазкур кўчма плакатга «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги сабаб бўлган.

«Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан ўрганиш бошланди. Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан Иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, билимсизлик туфайли тасодифий расм олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади. Ҳозирда у кўчма плакат ‘Ватанпарварлар’ боғидан олиб ташланди, ўрнига Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилади», — дейилади муносабатда.