Етим болани калтаклаган безорилар 11-12 суткага қамалди (видео)

Етим болани калтаклаган безорилар 11-12 суткага қамалди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги «Ҳазора» маҳалласида етим болани хўрлашганлиги тўғрисида видео тарқалган эди. 31 октябрь куни видеода тасвирланган ҳолат бўйича Самарқанд шаҳар маъмурий судининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда судда иштирок этган «Дарё» манбалари хабар берди.

Мазкур иш юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида У.Ҳ.ни калтаклаган Ҳ.И. ва И.З.га нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди.

Аниқланишича, ҳуқуқбузар Ҳ.И. сентябрь ойи охирларида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, фуқаро У.Ҳ.ни ҳеч бир сабабсиз жамоат жойида, яъни дарвоза ишлаб чиқариш цехида, уни таҳқирлаган, ҳақорат қилиб, турли жойларига уриб тан жароҳати етказиб майда безорилик содир этган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идолари томнидан ушбу ҳолат интернет тармоқларида тарқалганидан сўнг аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Фуқаро У.Ҳ. ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига мурожаат қилмаганлиги сабабли унга етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш имкони бўлмаган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузар И.З. ва Ҳ.И. ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида 31 октябрь куни уларнинг уйига Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 5-сонли бўлими ходимлари бориб, улардан ИИБ биносига бориш ва ҳолат бўйича тушунтириш хатлари бериш ҳақидаги талабларини бажармаган.

Шунингдек, ҳуқуқбузар И.З. ва Ҳ.И. ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини давом эттириб, 31 октябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сон ИИБ ходимларига ҳурматсизлик қилиб, уларнинг қонуний ҳаракатларига тўсқинлик қилган, омма олдида бақир-чақир қилиб, фуқароларни бўйсунмасликка даъват этган, атрофдагиларни тинчлигини бузган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар Ҳ.И. суд мажлисида ўз айбини тан олиб, содир қилган қилмишидан пушаймонлигини, қонуний енгиллик беришларини сўраган.

Суднинг қарорига кўра, Ҳ.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 195 ва 194-моддаси («Майда безорилик», «Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш» ҳамда «Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ҳуқуқбузар И.З.га нисбатан эса 11 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.