Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтига қисман бўлса ҳам эмбарго қўйишни эплади.
12.06.2022 13:12,  
13

Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтига қисман бўлса ҳам эмбарго қўйишни эплади. Бу уч ойдан буён уруш олиб бораётган Россия учун таъсирсиз чорадек кўринмоқда, аммо иқтисодчиларнинг фикрича, бу чора дунёдаги нефт айланмасига жиддий таъсир кўрсатади. Улар бир неча ойдан кейин Россия ҳар қандай чекловга қарамай нефтини сотиб олаётган давлатларнинг «асири»га айланиб қолиши мумкинлигини ҳам истисно қилишмаяпти.

Музлатилган 300 миллиард доллар бемалол қопланади

Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтига эмбарго қўйгани ҳафтанинг асосий иқтисодий янгилиги бўлди. Украинага бостириб кирган Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида амалга оширилган ушбу чеклов атрофида музокаралар бир ҳафтага чўзилиб кетди. Шундай бўлса-да, нефт эмбаргоси қисман жорий қилинди: Россиядан денгиз орқали нефт олиш тўхтатилади, баъзи давлатлар эса қувурли ўтказгичлардан рус нефтини олишда давом этади.

Эмбарго шу ҳолатда қолади деб ўйлаш керак эмас. Асосийси, ЕИ давлатлари чеклов бўйича расмий қарорга келишди, у босқичма-босқич кенгайтириб борилиши мумкин. Санкциялардан кейин Европа яқин 6 ой ичида Россия нефтидан, 8 ойда эса Россиядан борадиган нефт маҳсулотларига қарамликдан қутулиши мумкин.

Эмбарго Россия Европага экспорт қилаётган нефтнинг учдан икки қисмига таъсир қилади. 2022 йил охиригача иттифоқ Россиядан нефт олишни 90 фоизгача камайтирмоқчи. Иқтисодчилар бу чекловни Европа учун унчалик катта зарар бермайди деб ҳисобламоқда. Россия ЕИ эмбаргоси билан ҳисоблаганда ҳам 2022 йил нефт ва газдан 285 миллиард доллар ишлаши кутилмоқда. Бу эса 2021 йилдагига қараганда анча кўп дегани. Бошқа хомашёларни ҳам сотиши ҳисобга олинса, Россия санкциялар доирасида музлатилган 300 миллиард долларни бемалол тўлдира олади.

Европалик сиёсатчилар улар қўллаётган чоралар етарли эмаслигини билиб туришибди. Шу боис, рус маҳсулотларининг Россияга қарши санкцияга қўшилмаган давлатларга ҳам экспорт қилинишини чекловчи чоралар изланмоқда. Масалан, ЕИ Россия байроғи билан сузаётган кемаларни суғурталашдан бош тортмоқчи. Бу эса Россия атрофдаги бошқа давлатларга ҳам денгиз орқали нефт сота олмайди деганидир. Бундай турдаги чеклов Россия нефтини дунёнинг исталган сувли ҳудудига олиб борувчи йирик танкерларга қарши ҳам қўлланиши мумкин.

Шунингдек, Россия умуман кутмаган давлатларидан ҳам зарбалар қабул қилиб олиши мумкин. WSJ ўз манбаларига асосланиб ёзишича, ОПЕК нефт ташкилотига аъзо баъзи давлатлар Россиянинг ОПЕК+ келишувидан чиқаришни муҳокама қилмоқда. Нашр билан гаплашган делегатнинг айтишича, бунинг иқтисодий сабаблари ҳам бор. Бу давлатлар санкция сабаб Россия нефт қазиб олишда муаммоларга учраши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Оқибатда бозор кутилмаган ҳолатларга тез-тез учраши мумкин бўлиб қолади.

Можарларга истисно

ЕИ «Дўстлик» қувурли ўтказгичидан нефт олишни истисно тариқасида вақтинча эмбаргога киритмаган. Санкцияларнинг олтинчи пакетига жиддий қаршилик кўрсатган Венгрия учун шундай истисно қилишди. Венгрия ўз эҳтиёжи учун асосий нефтни асосан мана шу ўтказгич орқали олади. Мамлакат нефт импортининг 65 фоиз улуши эса айнан Россия ҳиссасига тўғри келади.

Венгрия «Дўстлик» ўтказгичидан нефт бориши тўхтаса, мамлакатда нефт маҳсулотлари нархи кўтарилиб кетиши мумкинлигидан хавотирдалигини маълум қилган. Шарқий Европанинг кўп давлатларида ҳозир шундай ҳолат кузатилмоқда. Словакия ҳамда Чехия каби денгизга чиқа олмайдиган давлатлардан ҳам «Дўстлик» орқали рус нефтини олишда давом этади. Германия ва Полша эса қувурлардан нефт олишни тўхтатишини маълум қилди.

Айнан Венгриянинг қайсарлиги музокараларни ортга суриб юборди ва улар деярли бир ойга чўзилиб кетди. WSJ эмбарго Европа Иттифоқига ойига 10 миллиардлаб долларга тушишини ёзмоқда. Европанинг кўплаб давлатларида инфляция тезлашиб кетди. Пандемия вазиятни шундоғам ёмон ҳолатга тушириб қўйганди, Россиянинг Украинага бостириб кириши барчасини янада кескинлаштириб юборди.

Европа кенгаши раиси Шарл Мишелнинг айтишича, бу чекловлар Россия «уруш машинаси таъминоти»га жиддий таъсир кўрсатади. «Бу Россия урушни тўхтатиши учун кўрсатилаётган максимал босим», дейди Мишел.

Аммо Bloomberg'нинг ҳисоб-китобларига кўра, ЕИ эмбаргоси сабаб Россия йилига 22 миллиард доллар йўқотади, холос. Шундай бўлса-да, Европа Иттифоқи Россия нефтига киритган эмбаргоси рамзий маънога ҳам эга. Шу тариқа, Ғарб энергия ишлаб чиқаришда аста-секин Россияга қарамликдан чиқиши мумкин. Урушгача Европа Россиядан жуда катта миқдорда кўмир, нефт ва газ сотиб оларди. Ҳозир бу маҳсулотлар импорти кескин камайиб бормоқда.

Дунё нефт занжирига таъсири

BBC билан суҳбатлашган таҳлилчиларнинг тахминича, Европа Иттифоқи томонидан рус нефтига жорий қилинган эмбарго Россияга тезда таъсир қилиши қийин, чунки «қора олтин» нархи қиммат, 1 баррел 120 долларгача сотилмоқда.

Энергетика соҳасидаги эксперт Сергей Вакуленконинг айтишича, санкциялар сабаб дунёда нефт етказиб бериш қайтадан тақсимланиши мумкин. Европа Иттифоқи эндиликда Саудия Арабистони, БАА каби Яқин Шарқ давлатлари, Африка давлатлари ва Лотин Америкасидан кўпроқ нефт сотиб олади. Ўз навбатида, бу давлатлардан Осиёга кетадиган нефт ҳажми камаяди. Юқорида саналган давлатлардан нефт олишга одатланган Осиё давлатлари эса энди Россиядан кўпроқ нефт ола бошлайди. Эксперт Вакуленко Россия аллақачон Ҳиндистонга нефт етказиб беришни оширганини эслатган.

Аммо Россия ўз нефтини Осиёга йўналтириши ҳам тезда содир бўладиган иш эмас. «Бу қиммат ва кўп вақт талаб қилинадиган жараён», дейди «Арикапитал» бошқарув компанияси инвестицион стратеги Сергей Суворов. Ҳали танкерлар танқислиги, уларни суғурталаш борасида муаммолар вазиятни қийинлаштириб юбориши мумкин. ЕИ давлатлари Россия байроғи билан сузадиган кема ва танкерларни суғурталашдан бош тортиш ҳақида ўйламоқда.

Шунингдек, экспертлар нефт нархи бу қадар юқори бўлиши узоқ давом этмайди деб ҳисобламоқда. Сергей Вакуленконинг фикрича, яқин бир йил ичида нефт нархи қиммат бўлиши бу соҳага тикиладиган инвестицияларни ҳам оширади. Натижада нефт қазиб олиш ҳажми ошади. Бозорда нефт кўп бўлгач, ўз-ўзидан нарх тушади. Унинг фикрича, бу жараён бошлангач, дунё 2013 йилда бўлгани каби ҳолатни бошдан кечиради. Ўшанда 15 йилга яқин давом этган қиммат нефт даври тугаб, соҳага киритилган инвестициялар сабаб қазиб олиш ҳажми ошиб кетганди.

Экспертлар фикрича, мана шу 1 йилдан кейин бўлиши тахмин қилинаётган жараёнда Россияга осон бўлмайди. Бу вақтда рус нефтининг ўрнини босадиган бошқа манбалар пайдо бўлиб, ундан воз кечиш осонроқ бўлиб қолади. Россия санкциялар сабаб ўз нефтига эмбарго киритмаган давлатларга ҳам нефт етказиб беришга қийналиб қолади. Оқибатда эса Россия нефтини оладиган саноқли давлатларгина қолади. Яъни Россия энергия ресурслари сабаб шарт қўя оладиган давлатлар сони камаяди.

Европа давлатлари ҳам эмбарго оқибатида қийинчиликка учраши мумкинлигини унутмаслик керак. Европа давлатлари уларга янада кўп нефт сота бошлаган Россиядан бошқа давлатларнинг «асирига айланиши» ҳеч гап эмас. Бу давлатлар ҳам Россия каби ўз шартларини қўймаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Сергей Суверовнинг фикрича, Россия бюджети ҳамон нефт экспортига яхшигина боғланиб қолган. Жорий қилинган эмбарго Россия иқтисодиётига зарба бериб, ҳатто дефицитга олиб келиши мумкин. Экспертнинг тахминича, ҳаммаси барибир нефт бозоридаги нархларга боғлиқ.

Сергей Вакуленко Россия аллақачон ўз нефтини Brent маркали нефтга қараганда сезиларли фарқдаги юқори чегирма билан сотаётганини унутмаслик кераклигини айтмоқда. Аммо унинг фикрича, аҳвол баррелига 30 доллардан чегирма беришгача бормайди. Ҳозирги нарх билан Россия нефтнинг 1 баррели учун ўртача 90 доллардан олишда давом этади. «Бу Россия учун жуда қулай нарх. Ишонаверинг, 60 доллардан қиммат бўлган ҳар қандай нарх Россия учун қулай», дейди эксперт.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан