Фанлар академияси коронавирусга қарши препарат «кашф этган» доришуносни фош этди

Фанлар академияси коронавирусга қарши препарат «кашф этган» доришуносни фош этди

Ўзбекистон Фанлар академияси Kun.uz нашрида эълон қилинган (мақола ўчириб ташланган), Ўзбекистонда яратилган препарат коронавирусни тўхтатиши мумкинлиги ҳақида айтилган мақолага муносабат билдирди.

Раҳима Очилова томонидан «ихтиро қилинган»и айтилган «Қуватин» ва «Ноглюкин» биофаол қўшимчалари технологияси аслида Ўсимлик моддалари кимёси институтида ишлаб чиқилган ва ҳеч қачон уларнинг вирусга қарши таъсири текширилмаган.

«2020 йил 1 апрель куни Kun.uz сайтида "Ўзбекистонда яратилган препарат коронавирусни тўхтатиши эҳтимоли мавжуд – Фанлар академияси тадқиқотчиси" сарлавҳали мақола нашр этилди.

Мақола муаллифи Наима Алиқулова ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтида мустақил-изланувчи сифатида рўйхатдан ўтган. Унинг асосий иш жойи Ислом академияси академик лицейи ҳисобланади. Раҳима Очилова Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида 2004—2006 йилларда лаборант бўлиб ишлаган.

Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти маълумотига кўра, мақолада келтирилган «Қуватин» ва «Ноглюкин» биофаол моддаларининг ипак қурти пилласидан ажратиб олиш технологияси институт ходимлари томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу биофаол қўшимчалар спорт тиббиёти учун мўлжалланган ва ҳеч қачон уларнинг вирусга қарши таъсири текширилмаган.

Шунингдек, «Сирицин» препарати диабет касаллиги учун биофаол қўшимча сифатида ишлатилган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, ҳар бир яратилган дори воситаси белгиланган регламентлар асосида синовдан ўтказилади ва у билан боғлиқ жараёнлар «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ амалга оширилади», — дейилади Ўзбекистон Фанлар академияси хабарида.