ФАО Ўзбекистонда агрометеорологик кузатувларни такомиллаштиришга кўмаклашади

ФАО Ўзбекистонда агрометеорологик кузатувларни такомиллаштиришга кўмаклашади

Маълумки, ёғингарчилик, ҳаво ҳарорати ва қуёш нури каби иқлим омиллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирш жараёнларига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари эса кунлик тактик қарорлар қабул қилиш ва узоқ муддатли режалаштиришни амалга оширишлари учун ўз вақтида аниқ  ва ишончли об-ҳаво маълумотларига муҳтож. Мавсумий индикатив об-ҳаво башоратлари, масалан, экинларни жойлаштириш ва уларни экиш муддатлари, шунингдек, қурғоқчилик юзага келганда чорва молларини сотиш зарурати ҳақида қарор қабул қилишнинг тобора муҳим воситасига айланмоқда.

Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини агрометеорологик ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича фаол чора-тадбирларни амалга оширди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ФАО Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказига 12 та замонавий агрометеорология станцияларини етказиб берди. Ушбу  жиҳозлар Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари қишлоқ хўжалиги ҳудудларида жойлашган 12 та метеорология станцияларига ўрнатилди. Жиҳозларни топшириш юқорида қайд этилган қарор билан тасдиқланган “2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида гидрометеорологиядан фойдаланиш бўйича устувор лойиҳаларни амалга ошириш «йўл харитаси» да назарда тутилган эди.

Агрометеорология станциялари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида амалга оширилаётган “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси (CACILM-2) доирасида харид қилинди. Таъкидлаш керакки, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари Гидрометеорология бошқармалари мутахассислари учун янги автоматик агрометеорологик станциялардан фойдаланиш бўйича тренинглар ҳам ташкил этилди.

«Автоматик агрометеостанциялардан фойдаланиш туфайли лойиҳа ҳудудларида жойлашган хўжаликлар барча зарур метеорологик маълумотларни ўз вақтида ва самарали олиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса, ўз навбатида, фермерларга об-ҳаво башоратлари асосида узоқ муддатли режалаштиришни амалга ошириш, экин экиш, пеститцидлардан фойдаланиш ва бошқа кўплаб масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш орқали ҳосилдорлик билан боғлиқ хавфларни камайтириш имконини беради», - дейди лойиҳанинг миллий бошқарувчси Муҳаммаджон Қосимов.

Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Ўзбекистонда бу лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг миллий ҳамкорлари – Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.