Фаол ёшларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги қарор бекор қилинмоқда

Фаол ёшларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги қарор бекор қилинмоқда

Фото.Rost24

“Тошкент: беш ташаббус ҳаракати – 2021” форумида Олий Мажлис  - қонунчилик палатаси депутатлари – Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиевлар иштирокида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди — дея ёзмоқда 'Rost24'.

Учрашувда Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ( 250- 753- 521- сонли)  2021 йил учун бекор бўлаётгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда қатнашаётган ёшлар мазкур қарор бекор қилинса, республика миқёсида икки мингдан ортиқ номзоди қўйилган ёшларнинг умиди пучга чиқишини айтиб ўтишди. Таълим соҳасида фаолият юритувчи ёшлар қарорнинг бекор қилиниши бўйича бир ой олдин Олий Мажлисга ҳам мурожаат йўллашган. 

Ёшларнинг эътирозига нисбатан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Одилжон Тожиев шундай жавоб берди: 

“Бу қарорнинг бекор бўлаётганидан бизнинг хабаримиз йўқ экан. Бу масалани кўтарамиз. Тўғриси, менинг хабарим йўқ экан. Масалани ичидан биламан, ижрочи бўлганмиз, комиссиянинг раҳбари бўлганмиз. Бу масалани ўрганиб чиқамиз”. 

Эслатиб ўтамиз: «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижроси бўйича “Камолот” ёшлар ҳаракати даврида бир қанча муаммолар юзага келган. Маълумотларга кўра, ушбу қарорга асосан 600 нафарга яқин ёшларга имтиёзли кредит асосида уй-жойлар ажратиб берилган.