Фақат таржима билан тил илгариламайди

Фақат таржима билан тил илгариламайди

ID карти инглизча «identification - кишининг кимлигини аниқлаш» деган сўздан ясалган. Туркчада «кимлик карти» дейилади. Тилмочлик қилаётганимда «do you have an ID?» деган саволни «кимлик картингиз борми?» деб ўгираман. Ҳали ҳеч ким «у нима?» деб сўрамади, тушунишяпти.

Ўзбекистонда янги йилдан бошлаб, бошқа нормал давлатларда бўлгани каби, ID картлари тарқатила бошланди. Лекин унга умуман ўзбекча бўлмаган «шахс гувоҳномаси» деб ёзиб, арабча ва форсча қоришмани ишлатишибди. Мен ўтган йили қисқа, лўнда ва ўзбекча «кимлик карти» деб ёзиш зарурлигини билдиргандим. Барибир билганини қилиб, осонгина бошқа тилдан ўзбекчага автоматик равишда ўгириб қўяқолишибди. Чунки юқоридаги бирорта ишга ижодий ёндашишни билмайдиган «ақллилар» ўзлариникини ўтказишдан бошқасига ярашмайди. Бақа ботқоқда ётиб, «дунё шу бўлса керак» деб ўйларкан-да.

Aгар ўзбек тилида фикрлашга кенг йўл очилмас экан, қулоққа ёқмайдиган, тилимизга мантиқсиз таржималар орқали ёт ҳар-хил сўзлар урчигандан урчиб кетаверади. Одамлар барибир ўзбекча кўринишини қабул қилмай, чет тилдагисини айтишиб, ўзбек тили илгарилаши йўлига ўзлари ғов бўлаверишади. Бундай бемазагарчиликларни тўхтатадиган куч, ҳозирча, кўринмаяпти.

Aфсуски, тепада тил душманлари ўтиришибди. Буни янги йил табриги қандай эфирга узатилганида ҳам кўрдик. Тилчи олимларимиз тилига талқон солиб олишган шекилли, ўз соясидан ҳам ҳадиксираб юришади. Қачон ўзбек тилига ҳурмат бўлади? Ишонч кун сайин озайиб боряпти...


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.