Фарғона туманида яшовчи Валиевлар оиласи 6 нафар етим болани асраб олди

Фарғона туманида яшовчи Валиевлар оиласи 6 нафар етим болани асраб олди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 августда қабул қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйлари (ўқув-тарбия муассасалари) Миллий гвардияга бириктирилди. Фарғона вилоятида мазкур қарор ижросини таъминлаш ишларига киришилди.

Фарғона тумани “Чекшўра” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Набижон Валиевлар оиласи Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйидан тегишли тартибда 6 нафаргача болани тарбияга олиш бўйича мурожаат қилган. Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси мазкур масалани ўрганди. Бу оила шароити билан танишилгач, барча талабларга жавоб бериши маълум бўлди.

Оила уч йилдан бери фарзанд асраб олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиб, натижа ололмаган. Муаммони Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Акбаров ижобий ҳал қилиб берди. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Валиевлар оиласи Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйидан 6 нафар чин етим болани фарзандликка олишди.

Болалар оилага берилганидан кейин Миллий гвардия ва вилоят ҳокимлиги масъуллари уларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ. Болалардан хабар олиниб, суҳбатлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, уларни ўқишлари учун шароитлар яратиб беришга кўмаклашилмоқда.

Набижон Валиев кўп болалик оилада вояга етган, у тадбиркор , турмуш ўртоғи Зиёдахон Валиева эса Фарғона шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимда ишлайди. Уларнинг 4 нафар фарзандлари энди 10 нафарга етди.