Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари ҳокимлари 2022 йил 1 январдан 15 январгача таътилга чиқди

Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари ҳокимлари 2022 йил 1 январдан 15 январгача таътилга чиқди

Давлат раҳбари томонидан барча маҳаллий ҳокимлик ҳамда сектор раҳбарларининг меҳнат таътилига чиқиши ва даволанишини 2 босқичда ўтказиш мақулланди.

Маълумотларга кўра, таътил «Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси асосида ва Президент Администрациясининг 25 декабрдаги топшириғига асосан ўтказилмоқда. Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари ва ёрдамчилари, ташкилий-кадрлар гуруҳлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари учун меҳнат таътиллари тегишли муддатга белгиланди.

Биринчи босқичда таътилга чиқаётган туман ва шаҳар ҳокимларининг вазифалари вақтинчалик ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклатилди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қарорлар ва фармойишлар туман ва шаҳар ҳокими вазифаларини бажариш вақтинча юкланган ҳоким ўринбосарлари томонидан туман ва шаҳар ҳокими билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

Шунингдек, ҳокимларга уларнинг ўринбосарларини 2022 йил 17 январдан соғлиғини тиклаш мақсадида меҳнат таътилига чиқаришни таъминлаш топширилди.

Шаҳар ва туман ҳокимлари Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон ва 2-сон шифохоналари, “Қибрай”, Россиядаги Ўзбекистон ва Ялта санаторияларида ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг “Чинобод Плаза”, “Турон” ва “Оқтош” санаторияларида соғлигини тиклайди. Қувасой шаҳар ҳокими яқинда иш бошлагани боис иш фаолиятини давом эттирмоқда — дея хабар бермоқда 'UzA'.