Фарғонада «Ақлли бекат» лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб бериш учун пора олган "ақлли" мансабдор ушланди

Фарғонада «Ақлли бекат» лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб бериш учун пора олган

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида «Ақлли бекат» лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилган Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Б.М. шаҳар ҳудудида жойлашган автобекатни «Ақлли бекат» сифатида фойдаланиш учун лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, лойиҳа ташаббускори М.С.дан 1500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.