Фарғонада эркак мудҳиш жиноятга қўл урди. Сўнг ўзи ИИБга хабар берди

Фарғонада эркак мудҳиш жиноятга қўл урди. Сўнг ўзи ИИБга хабар берди

Фарғона вилоятининг Риштон туманида рашк сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр қотиллик ҳақида ўзи ИИБга бориб айтди. Бу ҳақда  Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб «Дарё» хабар бермоқда.

Риштон туман ИИБ навбатчилик қисмига 16 май куни соат 23:30ларда фуқаро Ш.М. келиб, турмуш ўртоғи С.М.ни қасддан ўлдирганини маълум қилган. Мазкур хабарга асосан вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари ва туман прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи суд-тиббий ва криминалистик экспертлар иштирокида кўздан кечирилиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Аниқланишича, фуқаро Ш.М. турмуш ўртоғи С.М. билан 2019 йилнинг декабрь ойидан буён бирга яшамасдан, унинг Достон исмли таниши билан ишқий муносабатда бўлиб юрганидан низолашиб келган.

16 май куни соат 23:00 ларда турмуш ўртоғи С.М. билан 2018 йилда туғилган ўғлини даволатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига келган. Сўнг шифохонанинг кириш қисмидаги ҳожатхона томонга биргаликда ўтиб, эр рашк туфайли олдиндан ўйлаб қўйган қасд олиш режасини амалга ошириш мақсадида ўнг оёқ қисмига боғлаб олган ошхона пичоғини олиб, турмуш ўртоғининг бўйин қисмини икки маротаба пичоқ билан кесиб, орқа курак қисмига икки маротаба санчиб, тан жароҳати етказган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, аёлнинг ўлимига бўйин аъзоларининг чуқур санчилиб-кесилган жароҳатлари, бўйин-қон томирлари, мушаклари ва пайларининг бўйин умуртқасигача кесилиши, кўкрак қафасининг орқа юзаси юқори қисмидаги плевра бўшлиғига тешиб ўтувчи санчилиб-кесилган жароҳатлари натижасидаги ўткир қон йўқотиш сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан 17 май куни Риштон туман прокуратураси томонидан Ш.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. 18 май куни унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълум қилишича, вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган бўлиб, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилиши таъминланади.