Фарғонада фуқаро ов қилиш учун уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолди

Фарғонада фуқаро ов қилиш учун уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида 28 ноябрь куни уйидан ов қилиш учун чиқиб кетган 36 ёшли фуқаро бедарак йўқолган. Бу ҳақда Ёзёвон туман ҳокимлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти ИИБ навбатчилик қисмига 1 декабрь куни туманнинг «Янгиариқ» маҳалласи Баҳор кўчасида яшовчи М.М. (1985 йилда туғилган) 28 ноябрь куни соат 06:30 атрофида Ёзёвон тумани «Янгиобод» маҳалласидаги сув омборига ов қилиш учун ов қуроли ва ўзига тегишли Damas машинаси билан кетиб, қайтиб келмагани ҳақида хабар келиб тушган.

Қайд этилишича, фуқаро ов қуроли ва Damas’да чиқиб кетиб, қайтмагани сабаб оила аъзолари ва қариндошлари уни қидириб, сув омбори ҳудудидан Damas машинасини қулфланган ҳолда, сумкасини эса сув ичидан топган.

Таъкидланишича, ҳозирда бедарак кетган М.М.ни топиш мақсадида туман ИИБнинг 45 нафар, Миллий гвардиянинг 21 нафар, ФВВ қутқарув гуруҳининг 8 нафар, ҳокимиятнинг 4 нафар, жамоатчиликнинг 8 нафар, жами 86 нафар вакили қидирув ишлари олиб бормоқда. Шунингдек, саккизта қайиқ, дрон аппарати жалб қилинган.