Фарғонада «Сўх воқеалари»да айбланган 22 нафар шахс устидан суд жараёни бошланди

Фарғонада «Сўх воқеалари»да айбланган 22 нафар шахс устидан суд жараёни бошланди

Маълум бўлишича, айбланаётганларга нисбатан қўзғатилган ишни 9 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича вилоят суди кўриб чиқишни бошлаган.

Вилоятнинг Сўх тумани Чашма қишлоғида қўшни давлат фуқаролари билан сув масаласидаги можарода иштирок этган 22 нафар шахсга Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилинган.

Aниқлик киритилишича, судланувчилар орасида икки нафар вояга етмаган шахс ҳам бор.

Риштонлик мустақил журналист Баҳодир Элибоевнинг маълум қилишича, суд иши белгиланган вақтда ўтказилмаган. 10 ноябрь душанба куни соат 10:00 да ўтказилиши айтилган суд мажлиси шу куни соат 15:00 да бошланган. Карантин чекловлари муносабати билан суд мажлисида ҳар бир судланувчининг икки нафардан яқин қариндоши иштирок этишига рухсат берилган.

Суд ўз ишини 16 ноябрь куни соат 10:00 да давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида 31 май куни икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиққан. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 1 июнь куни воқеа юз берган жойга ташриф буюриб, аҳоли билан учрашган.

Абдулла Арипов Қирғизистон расмийлари билан ҳодиса юзасидан музокара олиб борган. Шу куни Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари мазкур ҳодисани телефон орқали муҳокама қилган. Можаро оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик касалхонага ётқизилган, Ўзбекистон томонда учта хонадон ёниб кетган. Қирғизистоннинг Боткен вилоятида эса уй ва омборхонада ёнғин содир бўлган, шунингдек, 25 киши жароҳат олган.

Мазкур воқеалар ортидан Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ҳудуддаги муаммоларни ўрганиш учун 2 июнь куни у ерга ташриф буюрган. Сўх туманига янги ҳоким ва ички ишлар бўлимига янги раҳбар тайинланганди.

Сўх туманида юз берган можаро юзасидан 6 нафар сўхлик қамоққа олинди. Кейинчалик улар орасида бош вазир билан учрашувда вилоятнинг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини сўраган блогер Дадахон Ҳайдаров (Ҳайдаржон Бобоҳайдаров) ҳам борлиги маълум бўлди. Блогер 2 сентябрь куни озодликка чиқарилди.