Фарғонада тадбиркор 14 ёшли болани қизи билан ёзишгани учун калтаклади

Фарғонада тадбиркор 14 ёшли болани қизи билан ёзишгани учун калтаклади

Фарғона вилоятида аввал судланган тадбиркор вояга етмаган болани калтаклади. Маълум бўлишича, бола тадбиркорнинг қизи билан ёзишган. Бу ҳақда Репост нашри хабар қилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, ҳодиса 21 февраль куни содир бўлган. Болани урган фуқаро Баходир Пайгамов банкет заллари, меҳмонхона ва қатор алкогол дўконларига раҳбарлик қилади. У аввал одам ўлдирганликда айбланиб, судланган бўлган. Пайгамов 11 синфда ўқийдиган ўғли билан болани урган.
Ҳодиса «Киргили» массивида содир бўлган. Калтакланган 9 синф ўқувчиси Хожиакбар нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Ўғлим «Сириус» номли хусуий мактабда ўқийди. У ўша мактабга 1 ҳафта олдин ўтган. У қиз билан танишиб қолди. Қиз ё ўзи билан ўқийди, ёки бошқа синфда. Улар ёзишиб турар эди. Мен уйда бўлмаган пайтим қизнинг отаси ва акаси келиб қиз билан ёзишгани учун ўғлимни уриб кетди. Менинг ўғлим эндигина 9 синфда ўқияпти. Ҳозир ўғлим ҳам ўқишни ўтказиб юборяпти ва аҳволи ҳам жуда оғир. Шу ёмон одамларни халққа кўрсатинглар. Бу Баходир иккита аёлни ўлдириб, Киркидонда ёқиб юборган. Мана ўтириб чиқди, лекин ҳалиям ақли кирмади. 14 ёшли болани уряпти, шунақасиям бўлиши мумкинми?”, – дейди боланинг онаси Собирова Гульрух.


Нашрнинг ёзишича, Баходирнинг ўзи ҳам ҳолатга изоҳ берган ва жабрланувчининг онасидан кечирим сўраган.

Кечиринг опа. Минг бор узр. Биз ҳам билмай қолдик. Мен шунчаки қизимнинг номусини ҳимоя қилдим. Шунчалик бўлади деб ўйламадим, – дейди Пайгамов.


Ушбу ҳолат бўйича иш очилган, лекин тергов ҳаракатлари бошланмагани айтилмоқда.