Фарғонадаги «Меҳр» тадбирида 7392 та кичик қоидабузарликка «кўз юмилди»

Фарғонадаги «Меҳр» тадбирида 7392 та кичик қоидабузарликка «кўз юмилди»

14 февраль кунидан 21 февраль кунига қадар Фарғона вилоятида «Меҳр» тадбири ўтказилди. Ҳаракат иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини оширишни мақсад қилган бир ҳафталик тадбирлар давомида вилоят ҳудудидаги автотранспорт воситалари ҳаракати серқатнов бўлган автомобиль йўллари ва кўчалар ёқаларида жойлашган таълим муассаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда йўл-транспорт ҳодисалари энг кўп содир этилаётган 64 та қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли ўртасида йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар танқидий муҳокама қилинди.

Тадбир давомида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жабрланган 41 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. «Меҳрибонлик уйи»даги тарбияланувчилар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, совғалар тарқатилди.

Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол ва сурункали равишда бузиб келаётган ҳайдовчиларга нисбатан профилактик таъсир чоралари кўриш мақсадида маъмурий суд идоралари билан ҳамкорликда 14 та сайёр суд муҳокамалари ўтказилди. 4 маротаба “Тарғибот автокарвони” ўтказилиб, йўл-транспорт ҳодисалари натижасида техник шикастланган автомобиллар намойиш қилинди.

Пиёдалар, велосипедчи ва ҳайдовчилар томонидан 7392 та содир этилган кичик қоидабузарликлар (йўл белги ва чизиқларига амал қилмаслик, хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик ва шу кабилар) учун баённома расмийлаштирилмай, улар ушбу қоидабузарликлар натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган мудҳиш ҳодисаларнинг оғир оқибатлари тўғрисида огоҳлантирилди.