«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми Оскар мукофотига тавсия этилди

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми Оскар мукофотига тавсия этилди

Ўзбекистондан Оскар мукофотига «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми тавсия этилди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Шу йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Оскар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўмита раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда қўмита аъзолари ҳамда продюсер ва Қўмита координатори Ойбек Абдушукуровлар иштирок этишди.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан нуфузли Оскар мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми танланди.

Сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, постановкачи оператор Баҳодир Йўлдошев, постановкачи рассом Бектош Ражабов, фильм директори Шавкат Ризаев.

Ролларни Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Хожиқулиева ва бошқалар ижро этган.

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади.

93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур «Dolby» театрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилинган эди.