Федералист №3: Ташқи ва ички хатарлар (3-мақола)

Федералист №3: Ташқи ва ички хатарлар (3-мақола)

Американинг машҳур сиёсий мутафаккирлари “Федералист” туркумида ёзган мақолалари билан таништиришни давом этамиз. Эслатиб ўтамиз, муаллифлар ўз исмларини яшириб “Публиус” номи остида янги Конституцияни қабул қилишга чорлайдиган мақола-мурожаатларни Александр Ҳамилтон, Жон Жей ва Жеймс Мадисон 1787-1788 йилларда ёзганлар.

Вақти келиб, биз ушбу учликнинг таржимаи ҳоли, характери ва қарашлардаги баъзи фарқларга алоҳида тўхталиб ўтамиз. Олдинда ҳали 82 та мақола чиқиши бор, ўз навбатида муаллифларнинг ҳар бири билан яқинроқ танишиш учун фурсат бўлади, иншааллоҳ.

Аввалги икки мақоланинг хулосалари билан қуйидаги танишишингиз мумкин:

Федералист №1: Давлатга пойдевор қўйган "уч блогер"

Федералист №2: Бирлашиш аҳамияти (2-мақола)

Учинчи мақола иккинчисининг давоми бўлиб, у “ташқи кучлар ва таъсирлардан келадиган хатарлар” мавзусига бағишланган. Ушбу мавзу тўртинчиси билан давом этади ва бешинчисида янкунланади. Иккинчидан бешинчигача мақолалар Жон Жей қаламига мансубдир (олдин айтганимиздек, биринчи нашр даврида муаллифлар кимлиги жамоатчиликдан сир сақланган).

“Федералист №3” 1787 йил ноябр ойининг 3-кунида Independent Journal газетасида чоп этилган. Қуйида мазкур мақоладан олинган баъзи хулосалар билан танишинг:

1. Барча оқил ва маълумотли халқлар, америка халқи эса айнан шундай халқлар сирасида, ўз фойдалари учун чиқарган қарорлари кўпгина ҳолларда тўғри бўлган. Америка халқининг биринчи қарори бирлашган вилоятлар-штатлар учун ягона федерал ҳукуматини барпо қилиш бўлган эди.

Жамшид Муслимов изоҳи: бутун халқни муаллиф “оқил ва маълумотли” (intelligent and well-informed) дейишида бир оз ошириб юборгандек кўринади, ўша вақтдаги дуч келган ўртача омма кишисини “оқилона фикрловчи ва етарли маълумот олган” инсон деб аташ қийин эди (хозир ҳам шундай эмасми?). Аммо матнга диққат қилиб қарасак, федерал ҳукуматни ташкил қилиш ҳақида қарорни чиқаришда иштирок этган халқ дейиляпти. Демак “халқ” деганда сиёсий фаоллик кўрсата оладиган фуқаролар назарда тутилган. Ёки, янада чуқурроқ мулоҳаза қиладиган бўлсак, соғлом ақлга эга, етарли ва керакли ахборот олган, ҳамда мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол бўлган оммани ХАЛҚ деб аташ мумкин; бундай халқнинг қарорлари кўпгина ҳолатларда ҳаққоний бўлиб чиқади.

Яна бир олинадиган ибрат: маърифатпарвар шахс ўз халқининг келажаги ғамида, уни яхшиликка чорлар экан, халқини камситиб эмас, балки ақл, билимдонлик каби етукликка ишора қилувчи сифатларга ишора қилади. Менимча бунда ўз миллатини тўғри тарбиялаш ҳаракати бор.

2. Иккинчи мақолада одамлар табиатан эгалик қилган эркинликларининг жузъий қисмини ўзлари тайинлаган ҳукуматга топширишлари ва бунда маълум манфаатни кўзлашлари ҳақида айтилган эди. Халқ манфаатларнинг биринчиси хавфсизлик таъминотидир. Хавфсизлик мавзуси анчагина кенглигини эътироф қилган ҳолда, муаллиф асосий эътиборини халқнинг тинчлиги, осойишталиги, шунингдек ташқаридан келадиган ҳужумлар ва мамлакат ичкарисида пайдо бўладиган нотинчликлар хатарига қаратади.

3. Жаҳонда урушларнинг барчаси ҳақиқий ёки тўқима баҳоналар остида очилади. Мамлакатнинг ўзи нооқилона ва адолатсиз ҳаракатлари билан қўшни давлатнинг ҳужумига сабабчи бўлиши мумкин. Келишилган давлатлараро шартномаларни бузиш уруш очишга адолатли сабаб деб ҳисобланади. АҚШ ўзининг илк мустақиллиги йилларида умумий давлатдек бўлиб бир неча мамлакатлар билан шартномалар тузишга улгурган. Қўшниларнинг аксари жаҳон сувларига йўллари бўлиб, АҚШга ҳужум уюштиришга имкониятлари мавжуд. Шундай экан, АҚШ бир неча мустақил штатларга ёки штатлар уюшма-конфедерацияларга бўлиниб кетса, улардан қайсидир бири умумдавлат шартномасини бузиб қўйиши ва бутун миллат бошига тушадиган урушни келтириб чиқариш эҳтимоллиги каттадир. Урушга айри вилоят сабаб бўлса ҳам уруш машаққатлари барча штатлар гарданига тушади, бутун халқ жабр кўради. Агар мамлакат бирлашган ҳолда умумий марказ ҳукуматни ташкил этса, у ташқаридан ҳужумга сабаб бўлишига йўл қўймайди, халқаро шартномаларнинг риоясини назорат қилиб туради ва барча штатларнинг тинчлик манфаатларини ҳимоялай олади.

4. Марказий федерал ҳукуматга турли штатлардан энг яхши, қобилиятли ва салоҳиятли кадрларни танлаш осонроқдир. Штатлар доирасида талантларни топиш қийинроқ, катта мамлакат миқёсида эса энг яхшиларини топиш мумкин. Аммо шарт шуки, марказий ҳукуматнинг ўзи оқилона ташкил этилиши лозим. Ҳукумат аввалидан қанчалик тўғри шаклланса унга муносиб ходимлар келиши шунчалик енгил бўлади. Эффектив ишлайдиган ҳукуматгина энг лойиқ раҳбарларни тайинлай олади.

5. Федерал ҳокимият мавжуд бўлмаса, штатлараро низоларни ҳеч ким холис ва одиллик билан ҳал эта олмайди. Маҳаллий ҳукуматлар ҳар доим ўзларининг маҳаллий манфаатларини ҳимоя қиладилар. Марказ эса бетарафликни сақлай олади, шунинг учун у ички тўқнашувларни тезликда қонунларга биноан бартараф эта олади.

6. Американинг туб аҳолиси бўлмиш ҳиндилар билан бўлган қонли можароларнинг бир нечтаси штатларнинг маҳаллий ҳокимиятларнинг ҳаракатлари келтириб чиқарган. Федерал ҳукумат эса муаллиф даврига келиб, бирон марта ҳам ҳиндиларнинг уруш очишларига туртки бўладиган қарор чиқармаган.

7. АҚШнинг бир неча вилоят-штатлари Американинг Биритания ва Испания каби қудратли империяларига тегишли ерлар билан чегарадошдир. Бундай штатлар раҳбарлари ўз қарорларида эҳтиросларга берилиб ва турли фитналарга учиб хатоликка йўл қўйишлари мумкин. Жанжалли ҳолатларда марказий ҳукумат қўшнилар эътирозига юзма-юз чиқа олади ва ортиқча кибрга берилмай, совуққон дипломатия билан хавф хатарни босишга эриша олади.

8. Агар АҚШ парчаланиб кетса, қудратли давлат-қўшнилар айри штатлар ҳукуматларига паст назари билан қарайдилар. Аммо АҚШ ягона давлат бўлиб, ўз марказий ҳукумати билан ташқи ишларга киришса қўшни мамлакатлар муносиб эҳтиром билан муомала қиладилар.

Муаллиф сўзининг охирида тарихдан бир мисол келтиради. 1685 йилда Франциянинг қироли Луи XIV йилда Италияда жойлашган кичик Генуя давлатини жазоламоқчи бўлади. Француз қироли генуяликлардан давлат раҳбари ва тўрт сенатори таъзим билан кечирим сўрашлари ва баъзи оғир шартларни бажарилишини талаб қилади. Тинчлик мақсадида Генуя давлати бу шартларга кўнади. Муаллиф ўзининг ватандошларига мурожаат қилиб, сўрайди: “Луи XIV шунақанги таҳқирловчи шартларини Испания ва Британия каби қудратли давлатлар олдига қўя олармиди? Талаб қилганда ҳам катта империялар хорликка рози бўлармиди?”

Кейинги мақолада миллат хавфсизлиги масаласи яна давом этади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.