Фоиз ставкалари йил охиригача ўзгаришсиз қолади

Фоиз ставкалари йил охиригача ўзгаришсиз қолади

Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека ва таълим кредити учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича амалдаги фоиз ставкалари 2022 йил якунига қадар сақланиб қолади.

Ўзбекистонда ипотека дастурлари ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкалари йил охиригача ўзгаришсиз қолади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 8 апрель куни имзоланган “Марказлашган манбалар ҳисобидан ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича фоиз ставкаларини белгилаш тўғрисида”ги қарорда маълум қилинди.

Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека ва таълим кредити учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича амалдаги фоиз ставкалар 2022 йил якунига қадар сақланиб қолади. Хусусан, амалдаги ставкалар ипотека кредити учун — 13 фоиз, таълим кредити учун — 10 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, банклар таълим мақсадларида қарз олувчига 14 фоиз ставкада кредит ажратадилар.

Ҳужжатда, шунингдек, Марказий банк асосий ставкани 14 фоиздан пасайтирган тақдирда, мазкур кредитлар бўйича фоизларни мутаносиб равишда камайтириш кўзда тутилган.

Март ойида Марказий банк асосий ставкани 17 фоизга ошириш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг, янги ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари ва кредит ресурслари нархи ошиши керак эди. Бироқ президент амалдаги ставкаларни йил охиригача сақлаб қолиш юзасидан топшириқ берди.

Яқинда Марказий банк жисмоний шахслар учун тижорат банклари хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида www.bankxizmatlari.uz ахборот порталини ишга туширди. Порталда фойдаланувчилар учун кредитлар, омонатлар, валюта айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари ва бошқа банк хизматлари ҳақида батафсил маълумот олиш, уларни ўзаро таққослаш ҳамда дастлабки ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти мавжуд.