Францияда коронавируснинг тўртинчи тўлқини бошлангани эълон қилинди

Францияда коронавируснинг тўртинчи тўлқини бошлангани эълон қилинди

Франция аввалги босқичларга нисбатан юқорироқ суръатдаги касалланишлар билан коронавирус пандемиясининг тўртинчи тўлқинига қадам қўйди. Бу ҳақда ҳукумат расмий вакили Габриэль Атталь маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Биз коронавирус пандемиясининг тўртинчи тўлқинига кириб келдик. Эпидемия динамикаси аввалги босқичларнинг ҳар қайсисидан ҳам анча юқорироқ», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони бир ҳафтада 125 фоизга ошган. Ҳукумат вакили қўшимча қилишича, 80 фоиз ҳолатларда одамлар дельта штаммга чалинмоқда.

Атталнинг қайд этишича, ҳукумат «энг зарур буюмларни сотиб олиш» имкониятини таъминлаш учун баъзи савдо марказларида ўтказиш тизимини сақлаб қолмоқчи. Унинг аниқлик киритишича, ўтказиш тизимига риоя қилмаслик биринчи марта 1,5 минг евро, иккинчи марта 9 минг еврогача жарима билан жазоланади.

12 июль куни Франция президенти Эммануэль Макрон барча тиббий ходимларга эмланиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳаси тайёрлангани ҳақида эълон қилди. Бундай чоралар кўрилишига COVID-19’нинг дельта штамми фаол равишда тарқалаётгани сабаб қилиб келтирилди. Иш берувчи вакцинация гувоҳномаси бўлмаган ходимларни ишга қўймаслик ҳуқуқига эга. Ҳужжат 21 июль куни мамлакат парламенти томонидан тасдиқланиши керак, шундан кейин эса Конституциявий кенгашга тасдиқлаш учун юборилиши мумкин.

14 июлдан Францияда ишчилар ушбу қонун лойиҳасига қарши намойишга чиқишни бошлади. 17 июль куни коронавирусга қарши мажбурий вакцинацияга қарши акцияларда 114 минг киши қатнашди. Намойишчилар президент Макронни «ҳокимиятни суиистеъмол қилишда» ва «давлат тўнтаришида» айблади. Норозиликлар ташкилотчилари орасида «сариқ нимчалилар» ҳам бўлиб, улар 2018 йилда, намойишчилар солиқ, иқтисодиёт ва молия сиёсатида ўзгаришларни талаб қилган пайтларда танилган эди.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён Францияда 5,8 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинган, шуларнинг 111 минг нафари вафот этган. Шунингдек, 37 миллиондан ортиқ киши камида битта дозада, 30 миллион одам эса тўлиқ эмланган.