Францияда тил қонунини бузганлар 3750 еврогача жарима тўлайди ёки мулкидан ажралади!

Францияда тил қонунини бузганлар 3750 еврогача жарима тўлайди ёки мулкидан ажралади!

Адлия вазирлиги муҳокамага қўйган қонун лойиҳаси устида баҳслар тинмаяпти. Тортишувларда мухолиф томон “нега Литва, Латвия тажрибасига ҳавола беряпсизлар?” деган эътирозни билдирмоқда, яъни тил сиёсати Болтиқбўйи сценарийси билан боришидан айримлар хавфсирамоқда. Қолаверса, жарима билан натижага эришиб бўлмайди, бу прогрессив усул эмас деган фикрлар айтилмоқда.

Биз кичик бир тадқиқот ўтказиб, айрим мамлакатлар тажрибасини ўрганиб кўрдик.
Аввало, Болтиқбўйидан бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳақида.

Россия. Давлат тили тўғрисидаги Россия Федерал Қонуни 3 моддасида нафақат давлат ташкилотлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар Россия ҳудудида фаолият юритувчи ҳар қандай ташкилот давлат тили (рус тили)да иш юритиши, ҳатто ташкилотни номлашда ҳам рус тилидан фойдаланиши белгиланган. Қонунни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам алоҳида айтилган. Маълумот учун, Россияда 190 дан ортиқ миллат ва элатлар яшайди.

Грузия. Давлат тили тўғрисидаги қонунига кўра, давлат корхона ва ташкилотларида фақат грузин тилида иш юритилади, зарурат туғилса, ҳужжатлар бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин, аммо бу таржималар расмий ҳужжат ҳисобланмайди. 

Германия. Маъмурий амалиётлар тўғрисидаги қонун 23 параграфида расмий тил сифатида немис тили белгиланган. Агар масъул идорага мурожаат немис тилидан бошқа тилда қилинса, орган дарҳол унинг немис тилига таржимасини талаб қилиши керак. Немис тилидан бошқа тилда мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Польша. Давлат тили тўғрисидаги Қонун 4-моддасида давлат органларида фақат поляк тилида иш юритилиши белгиланган.

Франция. Тубон қонуни

Менга Франция тажрибаси жуда ёқди. Биз ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлари кўп экан, бу ёғига диққат билан ўқинг.

Европанинг энг кўп тиллик мамлакати Франция аҳолисининг 51 фоизи француз тилидан бошқа тилда гаплашади. Конституциясида эса фақат француз тили давлат тили деб белгиланган. Француз тилини маданий ёдгорлик сифатида сақлашга мамлакат маданият вазирлиги масъул ҳисобланади.  Расмий иш юритиш фақат француз тилида. Бу 1994 йилда қабул қилинган Тубон қонуни орқали мустаҳкамланган. 

Тубон қонуни реклама матнлари ва жой номлари, оммавий жойлардаги пешлавҳаларни, жамоат транспортидаги ёзувлар, йўл кўрсаткичлари, маҳсулотлар ва ҳатто турли мулкларга ёзилган ёзувларгача фақат француз тилида бўлишини талаб қилади. Давлат ташкилотлари томонидан иш юритиш истисносиз француз тилида олиб борилиши, терминларнинг французча муқобили турганда, инглизчаси ё бошқа тилдагисини ишлатиш тақиқланиши ҳақида ёзилади қонунда. 

Тубон қонунини бузиш жисмоний шахсга 700 евро, юридик шахсга 3750 евро жарима солинишига сабаб бўлади. Ҳатто, бошқа тилда пешлавҳаси ёки ёрлиғи ёзилган мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин. 

2006 йилда худди шу қонунни бузгани учун Американинг Gems  компанияси 600 минг еврога жаримага тортилган!

Қонун ижросини амалга ошириш механизми шундайки, нафақат суд полицияси, балки истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ваколатли шахс ҳам ушбу қонунга риоя этилиши юзасидан суриштирув ишлари олиб бориши ва қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаб тегишли органга материалларни тақдим этиши мумкин. Бунинг учун ваколатли шахс кундуз куни бино ёки автотранспорт ичига кириб текширув ўтказиш ҳуқуқига эга. Ушбу текширувга тўсқинлик қилиш ёки керакли материалларни тақдим этмаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, ҳатто шахс қамалиши ҳам мумкин (Франция Жиноят кодексининг 433-5 моддасига кўра).

Французлар ушбу қонун асосида Меҳнат кодексининг 8, 9, 10-моддаларига ўзгартириш киритиб, ходимларнинг француз тилида иш юритишини мажбурий қилиб қўйишган. Фақат хориждан келган ходим меҳнат шартномасини ўз она тилига таржима қилдириш ҳуқуқига эга.

Атамашунослик соҳасида ҳам французлар тажрибаси менга ёқди. Ҳар йили Француз академияси расман француз тилига қабул қилинадиган сўзлар рўйхатини эълон қилади ва диққат билан тил мониторингини ўтказиб, француз тилига хос бўлмаган сўзнинг ишлатилишини аниқлагани заҳоти қонуний чора кўради.

Бугунги кунда французларда хорижий сўзларни сўзлашувда ишлатиш маданиятсизлик ва тарбиясизлик ҳисобланади. Улар ҳатто қисқартма отларни ҳам ўз тиллари орқали ясашади. Масалан, НАТО француз тилида ОТАН шаклида ишлатилади.

Мана сизга кўпмиллатли, ривожланган, демократик Франция тажрибаси!

Хўш бизда-чи? 1989 йил Давлат тили тўғрисидаги Қонун қабул қилингани билан, на уни бузганга жавобгарлик бор, на буни назорат қилиш ва на амалга ошириш механизмлари аниқ. Бу соҳада қўйилаётган ҳар бир қадам эса дарров сиёсийлаштирилиб, миллатлараро муҳораба майдонига тортиляпти. Биз шунчаки қонунни ишлатмоқчимиз, холос.

Асли расмий тил, давлат билан мулоқот инсон ҳаётининг жуда катта қисмини ташкил қилмайди. Тилни зарур даражада ўрганиш ё керак жойда таржимонлар билан таъминлаш орқали бу муаммони ҳал қилса бўлади. Ягона тилда иш юритиш қулай ва арзон. Бот-бот тил баҳси очиб, уни сиёсийлаштириб, бир-биримизга тошотарлик қилишда ҳам хайр йўқ. Жамият онгли равишда бу масалада муросага келиши керак.

Шу билан мен тил масаласидаги охирги постимни тугатдим. Хайрлиси бўлсин!

Шаҳноза Соатова