Фуқаролик тўғрисидаги қонунга “ватандош” тушунчаси киритилади

Фуқаролик тўғрисидаги қонунга “ватандош” тушунчаси киритилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 18 февралда ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилган масалалардан бири «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Статистика маълумотларига кўра, 1991 йил сентябрь ойидан бугунги кунга қадар 8249 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Уларнинг асосий қисми — 7765 нафари (94 фоизи) 2016 йил декабрь ойидан 2019 йил июль ойига қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.

Амалдаги Қонун 27 йил аввал қабул қилинган бўлиб, маънан эскирган ҳамда бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотлар талабларига жавоб бермайди.

Шу боис, лойиҳа парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ ҳамда Вазирлар Маҳкамаси, Адлия, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари мутахассислари, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида қайта-қайта кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди. Мутахассис ва экспертларнинг таклифлари олинди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг 6-моддасида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискага ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга кирган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс, истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига “ватандош” тушунчаси киритилиб, фуқаролиги бўлмаган ватандошларга нисбатан фуқароликка қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари яратилиши бўйича қатор нормалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари эркинлаштирилади. Фуқароликни олиш мақсадида тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони қисқаради. Фуқароларни консуллик ҳисобига туриш муддати узайтирилади. Умуман, бу билан соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.

Мажлисда кечган қизғин савол-жавоб, муҳокамалардан сўнг қонун қабул қилинди ва Сенатга юбориладиган бўлди.