Ижтимоий тармоқда «Ҳайдовчи ЙПХ ходимига бўйсунмади» сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан ЙҲХББ маълумот берди.
"Жорий йилнинг 1 июнь куни соат 18:50ларда Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бешёғоч кўчасида хизмат олиб борган ЙПХ ходими А.Ражабов томонидан "EQUINOX" русумли, 01Т600АА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчисига жезл ва ҳуштак орқали ишора кўрсатилишига қарамасдан ҳайдовчи қонуний талабга бўйсунмаган ва ҳаракатини давом эттирган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЙПХ ходими билдирги орқали ЙҲХБ бошлиғига маълум қилиб, ишорага бўйсунмай ҳаракатланган ҳайдовчига қонуний чора кўрилишини сўраган.
Масъул ходимлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, бўйсунмай ҳаракатланган, 1982 йилда туғилган ҳайдовчи К.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси тартибида баённома тузилиб, транспорт воситаси ушбу Кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилди.
Барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан тартибга солувчининг ишораларига амал қилишларини сўраймиз" дейилади Бош бошқарма ахборот хизмати хабарида.