"ГАИ" тўхтатган опани жағлари бақувват экан" — ҳолат бўйича маълумот берилди

Ижтимоий тармоқда «ГАИ тўхтатган опани жағлари бақувват экан» сарлавҳаси билан тарқалган видео юзасидан ЙҲХХБ маълумот берди.

Жорий йилнинг 30 август куни соат 02:00 ларда Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган «Ибн Сино» деҳқон бозори яқинида тунги хизматда бўлган ЙПХ ходими Э.Худойберганов кўринишидан мастлик аломати сезилган, хатти-ҳаракатлари шубҳали бўлган аёл киши «Матиз» русумли автомобилни бошқармоқчи бўлганлигига эътибор қаратган.

Бошқарувида бўлган «Ласетти» русумли хизмат автомобилини йўл четига тўхтатиб, ушбу аёл киши билан мулоқот қилган. Мулоқот давомида фуқаро Д.Т.ни мастлик ҳолатида гумонлаган ва транспорт воситасини бошқармоқчи бўлган вақтда ходим кўнгилсиз ҳодиса содир бўлишини инобатга олиб, бошқаришига йўл қўймаган.

Шундан сўнг, фуқаро Д.Т. турли сўзлар билан ходимни ҳақорат қилган. Ходим вазминлик билан оила аъзоси ёки таниши келиб олиб кетмагунча автомобилни бошқаришига йўл қўймаслигини маълум қилган. Фуқаро фарзандини чақиргандан сўнг, ходим ўз хизматини давом эттирган.

Фуқаро Д.Т. жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузганлиги, ЙПХ ходими Э.Худойбергановни турли сўзлар билан ҳақорат қилганлиги бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ўрганиб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига юбориш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, видео лавҳа ижтимоий тармоқда тарқалиб кетиши ҳолати ўрганилмоқда.